Президент 13 нафар сенаторни тайинлади
Жамият
−
18 Январь 2020
16000Ўзбекистон Конституциясининг 77-моддасида Сенатнинг 16 нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Президент томонидан тайинланиши белгиланган.
Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини тайинлаш тўғрисидаги фармон билан 13 нафар сенатор тайинланди. Улардан икки нафари ҳукумат аъзоси, яна икки нафари эса Президент администрацияси вакили. Тайинланган 13 нафар сенатор рўйхати:
Шавкат Аюпов — Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти директори;
Элмира Боситхонова — Бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси;
Қудратулла Рафиқов — Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси;
Миракбар Раҳмонқулов — Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари;
Сирожиддин Саййид — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси;
Бахтиёр Сайфуллаев — Маданият вазири — Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори;
Қувондиқ Санақулов — Навоий кон-металлургия комбинати бош директори;
Содиқ Сафоев — Сенат раисининг биринчи ўринбосари;
Алишер Саъдуллаев — Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари;
Содиқжон Турдиев — Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси;
Минҳожиддин Ҳожиматов — Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари;
Турсинхон Худойбергенов — Президент маслаҳатчиси;
Беҳзод Йўлдошев — Ўзбекистон Фанлар академияси президенти.
Сенатнинг аввалги таркибида бўлган тайинланган сенаторлардан фақат Элмира Боситхонова, Миракбар Раҳмонқулов, Қувондиқ Санақулов ва Содиқ Сафоев қайта тайинланган. Аввалги таркибда тайинланганлар қаторида бўлган Самарқанд вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова ва Сенат раиси Танзила Норбоева бу сафар мос равишда Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳар кенгашларидан парламент юқори палатасига сайланди.
Аввалги таркибда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси бўлган Иқбол Мирзо 2019 йилги парламент сайловларида Қонунчилик палатасига сайланди. 17 январь ҳолатига кўра, Айсенам Аллиярова, Маҳамаджон Зуфаров, Рустам Иноятов, Холиджон Комилов, Қаҳрамон Қуронбоев, Валерий Тян ва Александр Фармоновнинг парламентдаги фаолияти тугади.
LiveБарчаси