Пойтахтда 3 кун ичида 200 дан зиёд кишидан 221 та пичоқ топилди

Жамият 6467
image

“Хавфсиз ҳудуд” тадбири доирасида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Миллий гвардия хизматчилари билан ҳамкорликда, ўзлари билан бита, кастет, пичоқ ва бошқа кесувчи ва санчадиган буюмларни олиб юрадиган шахсларни аниқлаш бўйича профилактик ишлар олиб борилди. 

ИИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, барча пичоқлар жуда яхши чархланган бўлиб, уларнинг аксарияти маиший эҳтиёжларга мўлжалланмаган. Бундан ташқари, шу уч кун ичида 20 та металл таёқ, чивиқлар (қулайлик учун уларнинг тутқичи изолента билан ўралган), профессионал ва қўлбола биталар, кастетлар ва бошқа инсонга зарар етказиш учун қўлланилиши мумкин бўлган буюмлар топилди.  

Таъкидланишича, йил бошидан 5 ой ичида жами 4 548 та пичоқлар ва бошқа санчадиган ва кесувчи буюмлар, 20 тадан ошиқ биталар ва 50 дан зиёд кастет ва бошқа буюмлар топилган”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги Кичик ҳалқа автомобиль йўлида бир гуруҳ йигитлар пичоқбозлик уюштирган эди. Кейинчалик, ушбу жанжалда қатнашган йигитларнинг бири шифохонада вафот этгани хабар қилинди. Маълум қилинишича, ушбу пичоқбозликка шерикчиликда юритилган бизнесдан келган даромад устидаги келишмовчилик сабаб бўлган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 7 июнь куни Жорий йилнинг 5 июнь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 17 ёшли сартарош йигит 26 ёшли танишининг кўкрагига қайчи билан зарба бериб, уни ўлдиргани хабари берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги Қонунининг 9-модддасига биноан:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида касбий ёки спорт фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни (бейсбол биталарини (чиллакларини), софтбол ўйини учун биталарни (чиллакларни), пичоқларни, шу жумладан терини ажратиб оладиган (шилиб оладиган) пичоқларни ҳамда сопол, пластмасса ва бошқа нометалл материаллардан ясалган пичоқларни жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш тақиқланади.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 193
Рейтинг: 3
Теглар
t
×