Портлашдан кўрилган зарар давлат ҳисобидан қопланаётганига изоҳ берилди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Сергели туманида содир бўлган портлаш оқибатида аҳоли уйларига етказилган зарарнинг давлат ҳисобидан қоплаб берилаётгани жамоатчилик норозилигига сабаб бўлмоқда. Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов мазкур ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Ҳидоятовнинг маълум қилишича, фуқаролик ва жиноят қонунчилиги бўйича хусусий тадбиркорнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида бошқа шахсларга етказилган зарарни давлат эмас, балки айбдорларнинг ўзи қоплаб бериши керак. 

Бироқ айни кунлардаги воқеалар ривожида нега бундай қилиняпти, деган савол туғилиши табиий.

Процессуал қонунчиликка кўра, содир бўлган ёнғин оқибатида етказилган зарар бўйича айбдорларни аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда зарарни қоплаш бўйича тергов ҳаракатлари ва суд жараёни кўп вақт талаб этади. 

Бугунги кунда мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ёнғин оқибатида талафот етган хонадонларни совуқ тушмасидан таъмирлаш бўйича топшириқ берган.

Бундан ташқари, Конституциянинг 23-моддасида давлат ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши белгиланган.

“Шу боис, тергов ва суд жараёнлари якунига етгунига қадар таъмирлашга сарфланадиган маблағлар захира жамғармасидан ишлатилмоқда. Шунингдек, тергов ва суд ишлари якунига етгач, таъмирлаш учун захирадан ишлатилган пуллар тийин-тийинигача айбдорлардан суд орқали ундириб олинади”, деган Бекзод Ҳидоятов.

Эслатиб ўтамиз, 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.

Шунингдек, портлашда 163 нафар фуқаро жабрланди ва ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир воқеа жойида вафот этди. 


Мақола муаллифи

Теглар

бюджет портлаш Саида Мирзиёева зарар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made