Пора олган Мингбулоқ судьясининг иши бўйича қўшимча тафсилотлар очиқланди
3-саҳифа
−
08 Февраль
9488Аввалроқ, жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди раиси 2 000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида қўлга тушгани хабар қилинганди. Мазкур иш бўйича қўшимча маълумотлар берилди.
Маълум бўлишича, Наманган туманида чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятга “Халқ банки”нинг вилоят филиали томонидан 5 млрд 287 млн 500 минг сўм миқдоридаги кредит маблағлари замонавий чорва комплекси биносини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш мақсадида ажратилган. Бироқ ушбу маблағларни ноқонуний ўзлаштириш ва расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолатлари аниқланган. Мазкур қонунбузарлик бўйича МЧЖ раҳбарига Жиноят кодексининг 167- ва 228-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу ишни кўриб чиқиш жараёнида Мингбулоқ тумани суди раиси судланувчига нисбатан енгилроқ жазо тайинлаш эвазига, унинг отасидан 20 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Шундан сўнг, ДХХ ходимлари томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди раиси сўралган пул маблағидан 2 минг АҚШ долларини ўзининг бошқарувида бўлган Lacetti русумли автомашинага жойлаган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишча, кредит бўйича етказилган зарар тергов давомида судланувчи томонидан тўлиқ қопланган бўлган. Ҳозирда Мингбулоқ туман суди раиси ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, жуда кўп миқдорда пора олганлиги ҳолати бўйича, унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, 31 январь куни бўлиб ўтган Олий суд Пленумининг мажлисида Бош прокурорнинг Мингбулоқ туман суди раисини Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноий жавобгарликка тортиш ва унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимномаси кўриб чиқилиб, розилик берилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15