Поликлиникалар 24 соат ишлайдиган бўлади
Жамият
−
20 Июль 2020
10375Тошкентдаги оилавий поликлиникалар 24 соатлик иш режимига ўтказилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосари ва Соғлиқни сақлаш вазирига тегишли топшириқни берди.
Йиғилишда пандемияни жиловлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар жойларда тизимли йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди. Бирламчи тиббиёт бўғини, яъни оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари аҳолига ёрдам бериш учун 24 соатлик иш режимига ўтказилмаган.
Тошкент шаҳридаги 11 та туман кўп тармоқли марказий ва 64 та оилавий поликиникада ҳар бирида 50 дан 200 нафаргача тиббиёт ходими мавжуд бўлса-да, уларнинг аксарияти куннинг фақат биринчи ярмида беморларни қабул қилишади.
Ҳар бир поликлиникада COVID-19 инфекциясининг енгил ёки симптомсиз кечаётган беморларга консультатив ёрдам кўрсатиш учун шакллантирилган 3 та шифокордан иборат махсус мобил бригада бириктирилган бўлиши керак, аммо айрим бригадаларда умуман врач йўқ.
Деярли барча поликлиникаларда рентген-диагностика кабинетлари мавжуд, лекин уларнинг имкониятларидан умуман фойдаланилмаяпти.
Агар ушбу поликлиникалар аҳолини самарали патронаж хизматини амалга оширса, табиийки, 103 рақамли тез тиббий ёрдамга босим қисқаради ва аҳоли орасида саросима юзага келишининг олди олинади.
Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига пойтахтдаги 75 та поликиниканинг имкониятларини, ушбу муассасаларда фаолият олиб бораётган 3 мингдан ортиқ шифокор ва ҳамширани инфекциянинг енгил ва симптомсиз кечаётган беморларга хизмат кўрсатишга 24 соатлик узлуксиз режимда тўлиқ сафарбар қилиш топшириғи берилди.
Шунингдек ушбу фаолиятга жалб қилинаётган шифокор ва ҳамширалар меҳнатини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг туман бўлимларига коронавирусга ПЦР-анализи олишга ва таҳлил жавобини Республика агентлигига юбормасдан, бевосита беморларга топшириш тартиби ўрнатилди ва бу орқали таҳлил жавобларини кутиш даври қисқаради.
Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам станциясида операторларнинг меҳнат шароити яхшиланди ва бир сменада фаолият олиб бораётган операторлар сони 40 тадан 100 нафарга етказилди. Станцияга қўшимча электр тармоғи уланди, бригадалар сони 250 тагача кўпайтирилди.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти тез тиббий ёрдам хизмати учун жами 100 та Damas амбуланс машинаси ажратилди, шулардан 25 таси жойларга тарқатилди.
Пойтахт вилоятида коронавирус касаллиги гумонланган шахсларни даволаш ва назоратини олиб бориш учун 905 шифо ўрин, диагнози тасдиқланганлар учун 210 ўрин стационар шифохоналар фаолият кўрсатмоқда ва қўшимча 350 захира ўрин тайёрлаб қўйилди.
“Ўзтелеком” корхонаси томонидан уяли телефон аппаратлари тарқатилмоқда.
Коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёни учун 49 хил турдаги дори воситалари захираси учун дастлабки 10 миллиард сўм пул ажратилиши режалаштирилди.
Йиғилишда таъкидланидек, 103 телефон рақамига уланиш вақти 1,5 дақиқадан 15 сониягача қисқартирилди, мурожаатларнинг асосий қисми келиб тушадиган вақт оралиғида (соат 18:00 дан 24:00 гача) энг тажрибали операторлар хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь