Польшанинг ғарбий қисмлари Сталиннинг туҳфаси – Путин
Олам
−
21 Июль 2023
16414Россия Президенти Владимир Путин Польшанинг ғарбий ҳудудлари Сталиннинг “совғаси” эканини ва Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ушбу мамлакат СССРнинг шарофати билан мустақилликка эришганини иддао қилди. Бу ҳақда у Россия Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари билан бўлган учрашувида гапирди.
Путиннинг даъво қилишича, Польша ўтган асрнинг 20-30-йилларида шарқий ҳудудлларидаги аҳолини польяклаштирган ва уларни польяк аҳолисига ассимиляция қилишни, маҳаллий маданиятлар ҳамда православликни бостириш ҳаракатини амалга оширган. Бундай сиёсат охир-оқибат 1939 йилда мустақиллигини йўқотишига олиб келган.
Путин сўзида давом этар экан, Польшанинг ғарбий қисмларини “Сталиннинг туҳфаси” деб атаган ва Россия буни Варшавага эслатиши мумкинлигини айтган.
Бундан ташқари, у Польша ўз мустақиллигини Россия сабабли қўлга киритганини қўшимча қилган. Айни пайтда Путин Россия Ташқи разведка бошқармаси раҳбари Сергей Наришкин у билан учрашувда Польша Ғарбий Украинага ҳарбий контингент юборишни ўйлаётгани ҳақида хабар берганини айтган.
Россия етакчиси, шунингдек Польша Беларуснинг бир қисмини эгаллаб олмоқчи экани ҳақидаги даъвони ҳам илгари сурган.
“Польша етакчиларига келсак, эҳтимол улар НАТО соясида қандайдир коалиция тузиб, Украинадаги можарога бевосита аралашган ҳолда, кейин ўзлари учун каттароқ бўлакни “узиб олиш”, ўзлари ишонганидек, ўз тарихий ҳудудларини – бугунги Ғарбий Украинани қўлга киритишни кутишаётгандир”, деган у.
Маълумот учун, 1939 йилнинг 23 августида нацистлар Германияси ва Совет Иттифоқи ўртасида тузилган Молотов-Риббентроп пактининг махфий протоколи бўйича ўша йилнинг 1 сентябрида Германия Польшага бостириб кирган ва шу билан Иккинчи жаҳон уруши бошланган. Келишув бўйича СССР ҳам 17 сентябрда иттифоқ ҳудудидаги украин ва беларусь аҳолисини ҳимоя қилиш баҳонасида Польшанинг шарқий қисмига кириб борган. Икки давлатнинг махфий келишуви Шарқий Европада СССР ва Германия таъсир доираларини белгилаб берган. Унга кўра, Польша иккига бўлинган. Урушдан сўнг Польша узоқ вақт коммунистик тузумга қарши қўзғалонлар олиб борган. Ҳисоб-китобларга кўра, партизанлик урушларида 200 минглаб польшаликлар қатнашган.
Таъкидлаш жоизки, Путин бундай кескин ва очиқ баёнотларни беришга одатланмаган эди. Унинг ўрнига, асосан, тириклигида Владимир Жириновский ва шунингдек, Давлат Думасининг бир нечта депутатлари, Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова ҳамда Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведевдан бу каби баёнотларни кутиш мумкин эди. Хусусан, Медведев яқинда Россия ва НАТО ўртасида уруш келиб чиқса, Польша йўқ бўлиб кетишини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь