Польшада собиқ Ички ишлар вазири ва унинг ўринбосари ҳибсга олинди

Олам

image

Польшанинг собиқ ички ишлар вазири Мариуш Каминьский ва унинг ўринбосари Мацей Вонсик Варшавадаги президент саройида полиция томонидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда Польшанинг “RMF24” радиоси хабар берди.

Ўнгдан собиқ Польша ички ишлар вазири Мариуш Каминьский ва унинг ўринбосари Мацей Вонсик

Радиостанция маълумотларига кўра, Каминьский ва Вонсик президент саройига Польша етакчиси Анжей Дуданинг таклифига биноан келган. Бироқ улар ҳибсга олинган вақтда Дуда у ерда бўлмагани айтилмоқда. 

Таъкидланишича, ҳибсга олиш 9 январь куни чиқарилган суд қарорига асосан, Президент Дуда Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская билан учрашувга жўнаб кетганида амалга оширилган.

Қайд этилишича, Тихановская билан учрашувдан сўнг Анжей Дуда собиқ вазир ва унинг ўринбосари билан гаплашишни режалаштирган, бироқ бу вақтга келиб иккаласи ҳам полицияга олиб кетилган.

2015 йилда Каминьский ва Вонсик ер участкалари билан фирибгарлик ва 2007 йилда содир этилган коррупцияда айбдор деб топилган. Айни пайтда улар Президент Дуда қарори билан афв этилган. 2023 йил охирида худди шу иш бўйича уларнинг ҳар бири икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, лекин жазо ижро этилмаган. 

Собиқ ҳукмрон “Қонун ва адолат” партиясидан Сейм аъзолари Каминьский ва Вонсик ҳукмини ноқонуний ва сиёсий мотивли деб ҳисоблаб, уни бекор қилишни талаб қилмоқда. Польша матбуоти икки сиёсатчи атрофидаги вазиятни тартибсизлик, деб атайди. 460 ўринли Сеймда “Қонун ва адолат” партияси 194 депутатлик ўрнига эга.

Амалдорларнинг ҳибсга олиниши ортидан Президент қароргоҳи атрофида намойишчилар тўпланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2023 йилнинг декабрь ойида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири қамоққа олинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Польша Ички ишлар вазири ўринбосар қамоқ жазоси Мариуш Каминьский Мацей Вонсик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг