Польшада Россия разведкасига ишлаганликда гумонланган уч киши қўлга олинди

Олам

image

Польша ички хавфсизлик агентлиги Россия ҳарбий разведкаси – Россия Қуролли кучлари Бош штаби бош бошқармаси кўрсатмаси бўйича мамлакатда қўпорувчилик актларини тайёрлашда гумон қилинган икки беларуслик ва бир польшаликни ҳибсга олди. Бу ҳақда Польшанинг "Rzeczpospolita" газетаси хабар берди.

Польша разведка хизматларига кўра, эркаклар савдо марказлари, ресторанлар ва қурилиш омборларига ўт қўйишни режалаштирган ва аллақачон бунга уринишган.

Қайд этиш жоизки, январь ойида Польшада украиналик қўлга олинган, прокуратура маълумотларига кўра, у ҳам Россия томонидан ёлланган ва Вроцлавдаги бир қатор объектларга, хусусан, бўёқ ишлаб чиқариш заводига ўт қўйишни режалаштиргани айтилганди.

Бу галги ҳибсга олишлар ҳам худди шу тергов доирасида амалга оширилди. Ҳибсга олишлардан бири беларусликлардан бири яшаган Прусков шаҳрида, қолганлари Варшавада бўлиб ўтди.

Журналистларнинг таъкидлашича, 10 минг евро мукофот эвазига гумонланувчилар Гданскдаги маълум бир объектга ва Варшава чеккасидаги яна иккита объектга ўт қўйишга уринган. Ҳибсга олинган беларусликлардан бири 37 ёшда, иккинчиси 35 ёшда. Учинчи гумонланувчи поляк 40 ёшда. У Померания провинциясида яшаган.

Газетанинг тергов ичидаги манбаларга таяниб ёзишича, режалаштирилган саботажнинг мақсади "тартибсизлик, қўрқув, зарба ва мулкни йўқотиш ва эҳтимол инсон ҳаётига хавф келтириб чиқариш" бўлган.

Ҳозирда хорижий разведка хизматлари кўрсатмаси бўйича Польша Республикасига қарши ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида уюшган жиноий гуруҳда иштирок этиш моддаси бўйича икки беларуслик ва бир полякка нисбатан иш очилди. Уларни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда.

Аввалроқ, 26 май куни "The New York Times" газетаси АҚШ разведка идоралари Европада Россия билан боғланган қўпорувчилик операциялари сонининг кўпайишини қайд этаётгани ҳақида ёзган эди. Ғарб разведка агентликларига кўра, бу амалиётлар Россия агрессиясини қайтаришда Украинанинг ёрдамига путур етказишга қаратилган кампаниянинг бир қисми бўлиши мумкин.

Нашрга кўра, Россия махсус хизматлари кўрсатмаси билан турли объектларда ўт қўйиш содир этилган. Улар орасида Англиядаги омборхона, Польшадаги бўёқ заводи, Латвиядаги уйлар ва Литвада IKEA мебель дўкони бор.

"Россия Федерациясида ишлаганликда гумон қилинганлар ҳам Америка ҳарбий базаларига ҳужумлар режалаштириши мумкин", дейди тергов.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Польшада Украина Президенти Владимир Зеленскийга суиқасд уюштиришда гумон қилинган шахс қўлга олинганди. Кейинчалик Польша ҳукумати Россия разведка хизматлари буйруғи билан қўпорувчилик содир этганликда гумон қилиб, тўққиз кишини ҳибсга олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Польша разведка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг