Польшада Россия буйруғи билан қўпорувчилик қилишда гумонланган 9 киши қўлга олинди 

Олам

image

Польша ҳукумати Россия разведка хизматлари буйруғи билан қўпорувчилик содир этганликда гумон қилиб, тўққиз кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда бугун, 21 май куни Бош вазир Дональд Туск маълум қилди.

Унинг айтишича, гап ёлланма аскарлар ҳақида кетмоқда. Айбланувчилар Украина, Беларусь ва Польша фуқаролари. Улардан баъзилари "жиноят оламидан келган одамлар". Туск Польша ўз иттифоқчилари билан бу борада яқиндан ҳамкорлик қилаётганини, разведка хизматларининг самарали фаолиятидан мамнун эканини қўшимча қилди.

Бош вазирнинг таъкидлашича, Польша ғарбидаги Вроцлав шаҳридаги бўёқ заводига ўт қўйишга уриниш тўхтатилган. 

“Ўт қўйиш, шубҳасиз, Россия хизматлари томонидан буюртма қилинган", деб ҳисоблайди Туск.

У Литва, Латвия ва Швецияда ҳам худди шундай қўпорувчилик ҳаракатлари содир бўлаётганини эслатиб, вазиятни ўта жиддий деб баҳолади. Бош вазир 9 майга ўтар кечаси Вильнюсдаги IKEA дўконининг омборида содир бўлган ёнғинни эслади. Объектда товарлар ёқиб юборилган, Литва полицияси ҳам ўт қўйиш эҳтимолини текширмоқда.

Польша Президенти Анжей Дуда 14 май куни сўнгги пайтларда мамлакатнинг турли ҳудудларида беш-олтита жиддий ёнғин содир бўлганини айтди.

"Булар ўт қўйиш бўлиши мумкин, деб гумон қилмаслик қийин, лекин аслида бу мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишдир", дейди Президент.

Ўз навбатида, Польша Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари Яcек Севьера хориж разведка хизматлари содир бўлаётган воқеаларга алоқадор бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Польшада Украина Президенти Владимир Зеленскийга суиқасд уюштиришда гумон қилинган шахс қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Польша қўпорувчилик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг