Польшада дрон қулади. Айбдор Россиями?

Олам

image

Жорий йилнинг 20 август куни Польшанинг Луковский туманидаги Осиний қишлоғида (Украина чегарасидан 100 км узоқликда) номаълум объект қулаб, портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “Tysol” хабар берди.

Ҳодиса оқибатида бир нечта уйларнинг ойналари шикастланган. Воқеа жойида куйган металл ва пластик бўлаклари топилган. 

Польша Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ҳодиса бўйича чиқиш қилиб, бу “эҳтимол қулаган дрон” бўлиши мумкинлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, экспертиза натижасида объект ҳарбий ёки контрабанда мақсадида ишлатилгани аниқланади. Вазир “саботаж” эҳтимолини ҳам истисно қилмаган. 

Дастлабки ҳарбий ҳисоботга кўра, радарлар Польша ҳаво ҳудудининг бузилишини қайд этмаган. Бу маълумотлар ҳали текширилмоқда.

Польша Ташқи ишлар вазирлиги эса кеча, 21 август куни Россияга расмий норозилик нотасини топширган. Унда Москва “атайин провокация уюштирганликда“, Польша суверенитетини бузишда, 1992 йилги дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси ҳамда 1944 йилги Чикаго конвенциясини бузишда айбланган. Варшава ҳодиса юзасидан Россиядан изоҳ талаб қилган. 

Маълумот учун, 1944 йилги Чикаго конвенцияси – халқаро фуқаро авиацияси соҳасидаги асосий ҳужжат бўлиб, ўша йилнинг 7 декабрь санасида АҚШнинг Чикаго шаҳрида 52 та давлат томонидан имзоланган ва 1947 йилда кучга кирган. Конвенцияда давлатларнинг ўз ҳаво ҳудуди устидан тўлиқ суверенитетга эга экани тан олинган, фуқаро авиацияси учун умумий халқаро қоидалар белгиланган, хавфсизлик чоралари, авиация стандартлари, учиш ва қўниш тартиблари кўрсатиб ўтилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Россия билан мумкин бўлган урушга тайёргарлик кўриш мақсадида мудофаасини кучайтираётгани ҳақида хабар берилганди. Марказий Польша ҳимоясига кўра, мамлакат сўнгги йилларда фақатгина қуролланишни кучайтирибгина қолмасдан, балки бу жараённинг бошланиши камида ўтган 10 йил давомида амалга оширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Польша Луковский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг