Польшада АҚШ ҳарбий базаси очилди
Олам
−
14 Ноябрь
2610Кеча, 13 ноябрь куни Польша шимолидаги Редзиково қишлоғида АҚШ денгиз кучлари базасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.
Маросимда АҚШ элчиси ва бошқа АҚШ расмийлари билан бирга қатнашган Польша расмийлари базанинг очилишини Украинадаги уруш шароитида мамлакат ва НАТО хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим қадам сифатида олқишлади.
“Бу энди Россиянинг манфаат доираси эмаслигини бутун дунё аниқ кўради. Польша нуқтаи назаридан, бу стратегик жиҳатдан энг муҳим нарсадир”, деди Польша Президенти Анжей Дуда очилиш маросимида.
Польша Мудофаа вазири Владислав Косинияк-Камиш базанинг очилишини “Польша, АҚШ ва НАТО хавфсизлик тарихидаги ажойиб воқеа” деб атади. Унинг сўзларига кўра, Украина ва Яқин Шарқдаги можаролар ҳаво ҳужумидан мудофаа муҳимлигини кўрсатмоқда.
“Редзиководаги база Америка ва иттифоқчи қўшинларнинг Польша ҳудудида доимий бўлишини англатади ва стратегик нуқтаи назардан бу тарихдаги энг муҳим воқеалардан биридир”, деб таъкидлади Косиняк-Камиш.
Европадаги иккинчи Aegis Ashore мажмуаси
АҚШнинг Польшадаги базаси баллистик ракеталарни парвознинг дастлабки босқичида аниқлаш, кузатиш ва йўқ қилишга қодир Aegis Ashore ракетага қарши мудофаа тизими билан жиҳозланган. Бу Европадаги иккинчи турдаги комплексдир.
Биринчиси Руминиянинг Девеселу қишлоғи яқинида жойлашган – бу база 2016 йилда фойдаланишга топширилган.
Бундан ташқари, “НАТО ракетага қарши мудофаа қалқони” элементлари Испаниянинг Рота шаҳрида доимий жойлашган АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг тўртта эсминеци ҳамда Туркиянинг Курежик шаҳридаги эрта огоҳлантирувчи радардир.
“Associated Press” агентлигининг қайд этишича, Редзиководаги НАТО ракетага қарши мудофаа тизимига бирлаштириладиган база дастлаб Жорж Буш президентлиги даврида “Европани Эрондан келаётган баллистик таҳдидлардан ҳимоя қилиш” учун очилиши режалаштирилган эди. Бироқ Польша расмийлари базани ҳар доим “Россия агрессияси бўлган тақдирда Америка мудофааси шакли” сифатида кўриб келган.
НАТОга кўра, Aegis Ashore “соф мудофаа характерига эга”. Россия ҳукумати эса бошиданоқ бу лойиҳага кескин қарши эди.
Кремль: Польшадаги ракетага қарши мудофаа базаси – бу Россиянинг салоҳиятини ҳарбий жиҳатдан ушлаб туришга уриниш
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков кеча, 13 ноябрь куни базанинг фойдаланишга топширилиши Россия салоҳиятини ҳарбий жиҳатдан жиловлашга уриниш эканлигини айтди.
“Бу Европа ҳудудидаги Америка ҳарбий инфратузилмасининг бизнинг чегараларимиз томон силжишидир. Бу бизнинг ҳарбий салоҳиятимизни ушлаб туришга уринишдан бошқа нарса эмас ва, албатта, бу тенгликни таъминлаш учун тегишли чораларни кўришга олиб келади”, деди Песков.
2024 йил октябрь ойида Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Редзиководаги ракетага қарши мудофаа базаси мамлакат томон учаётган Россия баллистик ракеталарини уриб тушира олишини айтди.