Польшада ҳарбий дрон тураржой ҳудудига қулади

Олам

image

Польшадаги ҳарбий учувчисиз аппарат (дрон) алоқа йўқолиши сабабли Иновроцлав шаҳрида жойлашган тураржой ҳудудига қулади. Бу ҳақда RMF24 радиоси хабар берди. 

Қулаш оқибатида дрон Польша почтасига тегишли автомобилни шикастлаган. Ҳарбий полиция дрон билан бошқарувчи ўртасидаги алоқанинг узилиши сабабларини текширмоқда.

“Почта компенсация масаласини Фуқаролик кодекси асосида ҳал қилади, чунки парвозни амалга оширган операторнинг алоқа йўқолиши ҳолати учун суғуртаси бор эди”, деди ҳарбий жандармерия майори Доминик Майк.

Шаҳар мэри Аркадиуш Файокнинг айтишича, ҳодиса оқибатида яна икки етказиб берувчи юк машинаси ҳам зарар кўрган.

Ҳокимият вакилларининг таъкидлашича, дрон билан боғлиқ ҳодиса маҳаллий аҳоли хавфсизлигига таҳдид солмаган.

Бундан бир кун аввал PGZ Польша қурол-аслаҳа саноати гуруҳи №2 ҳарбий авиация заводи ишлаб чиқарган учувчисиз аппарат фуқаролик ҳудудига қулагани ҳақида маълум қилган эди. “Portal Kujawski”нинг ёзишича, бу армияга май ойидан етказила бошланган Wizjer номли мини-дрон бўлган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. Дрон ўқув парвозини амалга ошираётган эди.

Миллий мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Бартош Ковнацкий таъкидлашича, бундай ҳолат сўнгги вақтда иккинчи марта содир бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 10 сентябрь куни Польша биринчи марта ғарбий Украинанинг Россия томонидан нишонга олиниши вақтида мамлакат ҳаво ҳудудини бузган дронларга қарата ўт очганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Польша дрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг