Польшалик эр-хотин телевизор кўраётганда уйи дрон зарбасига учради

Олам

image

Польша шарқидаги Вирики-Вола қишлоғида истиқомат қилувчи пенсионер Томаш Весоловский дрон зарбасидан омон қолди. Кеча, 10 сентябрь куни дрон унинг уйига урилиб тушганда у телевизорда Россия дронларининг Польша ҳаво ҳудудига кириб келаётгани ҳақидаги янгиликларни томоша қилаётган эди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Весоловский уйнинг пастки қаватида бўлган пайтда, соат 06:30 да дрон уйнинг юқори қисмига зарба берди. Оқибатда том вайрон бўлди, ётоқхонага зарар етди ва боғ бўйлаб парчалар сочилди.

“Мен телевизорни ёқдим, ҳамма янгиликлар дронлар парвози ҳақида эди. Бир муддатдан кейин тепамдан самолёт учиб ўтганини эшитдим... ва тўсатдан портлаш бўлди, пастки қаватдаги меҳмонхона шифтидан чироқ қулаб тушди. Мен ҳовлига чиқиб қарасам, бутун том бузилиб кетган, ҳамма нарса вайрон бўлган” деди у.

Весоловскийнинг рафиқаси Алича ҳам ташқарига чиққан ва тепада самолётни кўрган. У “бизга бомба ташланяптими ёки кимдир бизга ўқ узармикин” деб ўйлаган. Иккаласи ҳам жароҳатланмаган.

Польшанинг маълум қилишича, дронлар Россия қўшни Украинага ҳужум қилган пайтда унинг ҳаво ҳудудига кирган ва уларнинг баъзилари уриб туширилган. Расмийларнинг айтишича, кейинчалик турли жойларда 12 та дрон ва бир ракета парчалари топилган.

Қўшниси Урсула Запрзалук ҳам тепада самолёт товушини эшитган.

“Тўсатдан портлашга ўхшаш товуш эшитдим. Дарров ўрнимдан сакраб турдим, оёқларим титрарди... Балконга чиқдим. Дарахтлар орасидан қўшнимнинг томи шикастланганини кўрдим”, деди у. 

Унинг ҳовлиси ҳам парчалар билан тўлиб кетган, мўри ва айрим плиткалар шикаст еган, хонадоннинг ойнаси синган.

“Мен бу урушдан (Украинадаги) жуда қўрқаман,” деди у.

У онасининг Иккинчи Жаҳон уруши ҳақида сўзлаб берган воқеаларини эслаб, қўшимча қилди:

“Яхшиси, бу уруш бизга етиб келмаса бўлди”.

Эслатиб ўтамиз, 10 сентябрга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Ивано-Франковск, Хмельницкий, Житомир вилоятлари, шунингдек, Винница ва Львов шаҳарларидаги Украина ҳарбий-саноат комплекси корхоналарига узоқ масофали аниқликдаги қуроллар ва учувчисиз учоқлар ёрдамида йирик зарба берди.

Польша Қуролли кучлари оператив қўмондонлиги мамлакат ҳудудига учиб келган бир нечта дронлар йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Мамлакат Бош вазири Дональд Туск дронлар Россияга тегишли эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар “тўғридан тўғри хавф туғдирувчи” дронларни уриб туширган.

Шундан сўнг, Польша Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг муваққат ишлар вакили Андрей Ордашни чақиртирди. Дипломат Польша расмийларининг дронларнинг Россияга қарашли экани ҳақидаги баёнотларини асоссиз деб атади ва бу хабарлар ҳеч қандай далил билан тасдиқланмаслигини таъкидлади.

Туск НАТО иттифоқчилари ва НАТО Бош котиби Марко Рютте билан доимий алоқада эканини айтди. У иттифоқчилар билан иттифоқ низомининг 4-моддаси бўйича маслаҳатлашишни сўради.

Франция Президенти Эммануэль Макрон дронларнинг Польша ҳаво ҳудудида пайдо бўлишида Россияни айблаган бўлса, Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас дронларнинг Польша осмонида “тасодифан” пайдо бўлганига шубҳа қилди. Бироқ “Reuters” агентлигининг НАТОдаги манбаларига таяниб хабар беришича, альянс ҳодисани ҳужум деб ҳисобламайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Польша дрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг