Польша АҚШ ядровий қуролини ўз ҳудудига жойлаштирмоқчи
Олам
−
30 Июнь 2023
6592Польша Россия ўзининг тактик-ядровий қуролларини Беларусга ўтказишини эълон қилиши ортидан АҚШнинг ядро қуролини ўз ҳудудига жойлаштиришни сўради. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни мамлакат Бош вазири Матеуш Моревецкий Европа Иттифоқининг Брюсселдаги саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Бош вазир мазкур сўровни билдирар экан, якуний қарор АҚШ ва НАТОга боғлиқ эканини таъкидлаган.
“Россия Беларусда тактик-ядро қуролини жойлаштириш ниятида экан, биз бутун НАТОни Ядровий алмашинув дастурида иштирок этишга чақирамиз. Биз қўл қовуштириб ўтиришни истамаймиз. Якуний қарор АҚШ ва НАТОдаги ҳамкорларимизга боғлиқ. Бу соҳада тезкор чора кўриш истагида эканимизни билдирамиз”, дейди Моравецкий.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 март куни Россия Президенти Владимир Путин мамлакат ўзининг тактик-ядровий қуролларини Беларусга ўтказишини эълон қилганди. Шу мақсадда Москва Минскка “Искандер” ракета тизимини топширди. Шунингдек, Россия Беларусь самолётларини махсус ўқ-дориларни ташиш учун мослаштиришга ёрдам бериши маълум қилинди. Беларуслик учувчилар эса Россияда махсус тайёргарликдан ўтди. 16 июнь куни ядровий каллакларнинг дастлабки партияси Беларусга ўтказилди. Тўлиқ таркибдаги қуроллар эса йил якунига қадар етказиб берилиши таъкидланди.