Польша ҳам Украинага хавфсизлик кафолатини берди
Олам
−
23 Январь
4428Польша НАТОнинг Вильнюсдаги саммитида қабул қилинган Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича G7 декларациясига қўшилди. Бу ҳақда кеча, 22 январь куни Польша Бош вазири Дональд Туск Киевга ташрифи чоғида маълум қилди.
“Ушбу декларация демократик мамлакатларни Украинани қўллаб-қувватлашга сафарбар қилишга қаратилган”, дейди Туск.
Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Дональд Туск Польша Украина билан молиявий ва ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини ва Россия бошлаган урушда “Украинанинг ғалаба қозониш имкониятларини ошириш” учун қўлидан келган барча ишни қилишини айтди.
"Бу курашда польяк миллати ва Польша давлати хавфсизлиги ҳам хавф остида қолмоқда", деган у.
Ўз навбатида, Зеленский Туск билан Украина ва Польша ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг барча жиҳатлари бўйича “жуда самарали” музокаралар олиб борганини маълум қилди.
"Польшанинг янги мудофаа пакети мавжуд. Биз бундай доимий ёрдамни қадрлаймиз. Украина эҳтиёжлари учун қурол-яроғ сотиб олишнинг кенг кўламли бўлиши мақсадида ўзаро ҳамкорлигимизнинг янги шакли мавжуд – бу Украина учун Польша кредити", деб ёзган Украина Президенти Х’даги саҳифасида.
Шунингдек, Польша ва Украина етакчилари икки давлат ўртасидаги барча баҳсли масалаларни, жумладан, чегарадаги сўнгги норозилик намойишлари билан боғлиқ келишмовчиликларни ҳам ҳал қилишга ваъда берди.
“Биз Бош вазир билан барча муҳим масалаларни ҳукумат даражасида ҳал қилиш мумкинлигини муҳокама қилдик ва бу борадаги ишлар яқин орада бошланади”, дейди Владимир Зеленский.
Дональд Тускнинг сўзларига кўра, Польша ва Украина юклар транзитига тўсқинлик қилаётган чегара масалалари бўйича умумий нуқтаи назарга эга.
Маълумот учун, Киев ва Варшава ўртасидаги муносабатлар сўнгги пайтларда Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Польша орқали экспорт қилиш бўйича келишмовчиликлар, шунингдек, польшалик юк ташувчиларнинг украиналик ҳамкасблари учун урушдан олдин Европа Иттифоқига кириш мақсадида олинадиган мажбурий рухсатномалар бекор қилинишига қарши норозиликлари туфайли хиралашган эди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 январь куни эрталаб Туск Киевга етиб келди, бу Польша Бош вазири лавозимига қайтганидан кейин Украинага илк сафари.
LiveБарчаси