Покистонда қуролланган гуруҳ конга ҳужум қилди. Қурбонлар бор
Олам
−
11 Октябрь
1891Покистоннинг жануби-ғарбий Балужистон вилоятида қуролланган шахслар кичик хусусий кўмир конига ҳужум қилиши оқибатида камида 20 нафар кончи ҳалок бўлди ва етти киши яраланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, табиий ресурсларга бой бу ҳудуд Афғонистон ва Эрон билан чегарадош бўлиб, бу ерда ўн йиллардан бери қўзғолончи гуруҳларнинг давлатга қарши курашлари давом этмоқда ва улар ҳукуматни минтақа ресурсларидан ўз улушини бермаётганликда айблаяпти. Бироқ ушбу ҳужум учун ҳали бирор гуруҳ жавобгарликни зиммасига олгани йўқ.
Полиция бошлиғи Ҳумоюн Хоннинг маълум қилишича, Дукки ҳудудидаги Junaid Coal компаниясига тегишли шахталарга тунги вақтда қуролланган шахслар томонидан ҳужум уюштирилган. Уларнинг шахталарга ракеталар ва гранаталар отгани ҳам аниқланган.
Маҳаллий ОАВга кўра, ҳужумчилар кончиларни бир жойга йиғиб, кейин уларни ўққа тутган, шунингдек, кон техникасини ҳам ёқиб юборган. Компания расмийси маҳаллий матбуотга ушбу ҳудудда 10 та кўмир кони жойлашганини маълум қилган.
“Ҳозиргача 20 та жасад ва олти нафар ярадорни қабул қилдик”, деди маҳаллий шифокор Жоҳар Хон Шадизай.
Маълумот учун, бу ҳудуддаги қуролли ҳужумлар асосан ҳукуматга қарши курашаётган бир нечта исёнчи гуруҳлардан бири бўлган “Балужистон озодлик армияси” томонидан уюштирилади. Улар август ойида минтақадаги энг йирик зўравонликлардан бирини амалга оширганди. Ўшанда жангарилар полиция бўлимлари, темирйўл линиялари ва автомобиль йўлларига ҳужум қилиб, 70 дан ортиқ одамни ўлдирган.
Ўтган ойда ҳам бу ҳудудда зўравонликлар содир бўлган. Қуролланган шахслар ҳудуддаги панжоблик ишчилар яшаётган уйга бостириб кириб, етти кишини ўлдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Карачи шаҳридаги халқаро аэропорт яқинида жойлашган автомобиллар карвони портлатилиши оқибатида икки нафар хитойлик фуқаро ҳалок бўлган, учинчиси яраланган эди.
LiveБарчаси