Покистон ва Ҳиндистон ўртасида тарихдаги энг йирик ҳаво жанги бўлди – CNN

Олам

image

Бугун, 8 май куни Покистон ва Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида 5 та ҳинд самолёти уриб туширилди. Бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлган. Бу ҳақда Покистонлик амалдорларга таяниб, CNN хабар берди.

Юқори мартабали хавфсизлик манбасига кўра, жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилган, бироқ ҳеч бири рақиб ҳудудига кирмаган. Рақибга қарата учирилган ракеталар айрим ҳолларда 160 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган.

Манбанинг айтишича, томонлар 2019 йилдаги кичикроқ ҳаво жангидан сўнг учувчиларни душман ҳудудига юборишни истамаган. Ўша вақтда Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларига мансуб пилот Покистон ҳудудида уриб туширилган ва телевидение орқали намойиш этилгач, Ҳиндистонга қайтарилган. Бу ҳолат иккала томонни ҳам обрўсизлантиргани боис бу сафар бундай хатога йўл қўйилмаган.

Манба, шунингдек, Ҳиндистон Ҳарбий-ҳаво кучлари баъзи нишонларга бир неча бор зарба беришга уринаётганини айтган. Покистон эса эҳтимолий нишонлар жойлашган ҳудудларда фуқароларни огоҳлантиришга ҳаракат қилган ва ҳарбийлар тинч аҳолининг талафотини минималлаштиришга муваффақ бўлган.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.

Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.

30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.

Кеча, 7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон ҳаво жанги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг