Покистон Ҳиндистонга қарши ҳарбий операцияни бошлади (видео)

Олам

image

Бугун, 10 май куни Покистон Ҳиндистонга қарши “Баньян-уль-Марсус”, яъни “Мустаҳкам девор” деб номланган кенг кўламли ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Бу операция Ҳиндистон томонидан давом этаётган “провокациялар”га жавоб сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, Geo TV хабар берди.

Телеканалга кўра, Покистон армияси Ҳиндистоннинг бир нечта ҳарбий объектларига зарба берган. Улар орасида Удхампур ва Патханкот авиабазалари ҳам бор. Бундан ташқари, телеканал маълумотига кўра, “BraMoc” русумидаги кемага қарши товуш тезлигига эга ракеталар омбори йўқ қилинган. Телеканал манбалари, шунингдек, Покистон томонидан уюштирилган киберҳужум оқибатида Ҳиндистон электр тармоқларининг 70 фоизи ишдан чиққанини даъво қилмоқда.

Покистон армияси вакили, генерал-лейтенант Аҳмад Шариф Чаудхри Ҳиндистон бунга жавобан учта авиабазага ракеталар отганини маълум қилган.

“Ҳиндистон ўз ҳарбий самолётлари орқали ер-ер тоифасидаги ракеталарни учирди. Нур-Хон, Мюрид ва Шоркот нишонга олинган”, деган у.

Унинг сўзларига кўра, баъзи ракеталар ҳаво мудофааси кучлари томонидан тўхтатилган.

“The Times of India” нашрининг ёзишича, Покистон, шунингдек, Ҳиндистоннинг шимолидаги Жамму ва Кашмирдан тортиб, ғарбдаги Гужарат штатигача 26 та ҳудудни нишонга олган дрон ҳужумларининг янги тўлқинини бошлаб юборган.

CNN хабарига кўра, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакатнинг ядро ва ракета сиёсати бўйича энг юқори даражадаги бошқарув органи йиғилишини чақирган. Ҳиндистон ОАВлари расмий шахсларга таяниб, 3 киши, жумладан, Ҳиндистоннинг юқори мартабали амалдори отишмада оғир яраланганини билдирган.

Кейинчалик Жамму ва Кашмир штатининг Бош вазири Омар Абдуллоҳ Покистон зарбалари оқибатида жабрланган расмий вафот этгани маълум қилинган.

“Биз маъмурий хизматга содиқ бўлган ходимни йўқотдик. Раж Кумар Таппа – туманни ривожлантириш бўйича қўшимча комиссар ҳалок бўлди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон ва Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилгани ва бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлгани хабар қилинганди.  

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.

Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.

30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.

7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон Кашмир ҳарбий операция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг