“Пластинкани бошқача айланишини қаранг”. Кушербоев “томорқачилар”ни жазолаш адолатдан бўлмаслигини айтмоқда
Жамият
−
15 Апрель 2020
26475Жорий йил 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига мурожаат билан чиқди. Унда мутасаддилар томорқаларда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари орқали дастурхон тўкинлигини, бозорларимиздаги арзончиликни таъминлаш инсоний бурч эканини айтиб, уни виждонан бажаришга чақирганди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев томорқага экин экишдаги муаммолар ҳақида гапирар экан, масала юзасидан ўз таклифларини берди.
“Томорқадан оқилона фойдаланиш, айниқса, ўз ҳолига ташлаб қўйилган, самарасиз ётган томорқа ер эгаларига нисбатан жавобгарликни кучайтириш масаласи шу кунларда алоҳида муҳокама марказига айланди.
Тан олиш керак: озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш сўнгги йилларда кун тартибидаги асосий масалалар қаторида турибди. Ва ҳали-бери тушмаса ҳам керак. Аҳоли томорқаси эса бунда алоҳида ўринга эга. Шундай эмасми, ё адашдимми, яна “популистлик” қилиб?..
Қизиқ ҳолат: яқин кунларгача видеороликлар орқали қишлоқларда ҳужжатсиз ўзбошимчалик билан турар-жой қуриб яшаётган аҳоли ерлари ва томорқалари, аввало, озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид сифатида бўрттириб кўрсатилганига гўё кўпчилик лақмадек ишонганди. Бироқ, аслида, бунга ишониш кулгили.
Ҳақиқат шундаки, ўзбошимчами, бошқами аҳоли ердан томорқа сифатида фойдаланганда, аксинча, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беришини айтганимда, баъзи масъул ва олғир “очкўчи”ларимиз томонидан “ғирт популист депутат”га чиқарилгандим. Энди пластинкани бошқача айланишини қаранг. Шундай экан шу кунгача ердан томорқа сифатида фойдаланиб, шу ерда яшаётганларнинг жойини ўзбошимча деб ажратмайлик”, де я депутат ўз эътирозларини билдирмоқда.
Расул Кушербоев, шунингдек, томорқачилар олдида бер неча муаммолар борлигини айтиб, томорқаларни ўз ҳолига ташлаб қўйилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
“Ўзим ҳам кўп йиллардан буён қўлдан келганча томорқадан фойдаланиб келаётган оддий томорқачи сифатида баъзи бировлар ўз томорқасидан оқилона фойдаланмаслиги нималар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдириб ўтмоқчиман.
Биринчидан, томорқачига экаётган экини уруғининг сифатига аниқ кафолат керак. Кўп ҳолларда бозорларда сифатсиз ва ёзувига яраша ҳосил бермайдиган, айниган уруғлар сотилмоқда. Оддий томорқачи эса ҳар доим ҳам буни фарқлай олмайди. Демак бунинг кафолатини ваколатли орган тўлиқ бўйнига олиши, кимки унинг расмий шохобчасидан олган айниган уруғ натижасида зарар кўрса, зарарни қоплаб бериши керак.
Иккинчидан, томорқачига эккан экини учун керакли минерал ўғит ва зараркунандаларга қарши дориларни тўсиқсиз сотиб олиш мумкинлигини тўлиқ кафолатлаш зарур. Афсуски, томорқачи кўп ҳолларда экинига “селитра” деган ўғитни қайсидир фермердан яширин йўл билан сотиб олишига тўғри келади. Ваҳоланки, унинг томорқасига шу кимёвий ўғит зарур.
Шунингдек, зараркунандаларга қарши дорилар ҳам сифат даражасида эмас. Сўнгги йилларда зараркунандаларнинг кўпайиб кетганлиги ва уларга қарши дориларнинг фойда бермаётгани сифатли маҳсулот етиштиришда томорқачиларни қийнамоқда.
Учинчидан, ва энг муҳими: оддий томорқачи етиштирган маҳсулотининг ўзидан ортган қисмини таннархдан ошиб бозорда сота олиши ёки экспорт қила олишининг кафолати йўқ.
Баҳор ойларида томорқадан фойдалан, дея бонг урган масъуллар томорқачи маҳсулотини етиштириб, унга харидор топа олмай чириб сарсон бўлиб юрган вақтида негадир “йўқ” бўлиб қолади, ҳолинг қалай, деб сўрамайди. Бозорда эса томорқачининг ўзи бориб сотишига кафолатланган жойнинг ўзи йўқ, бўлгани ҳам номига. Камига экспортни ҳам ўз “эга”лари бор, улардан ортиб оддий томорқачи экспорт қилолмайди. Масалан, янгийўллик томорқачиларнинг кўпчилиги ҳар йили харажат қилиб турли кўкатлар экади-ю, сотиб олгунча юрагини ҳовучлаб ўтиради: ишқилиб четга йўл ёпилиб қолмасин, экспортчилар олиб кетсин, чегарага инсоф берсин, пулимизни берсин деб. Бу йил ҳам шу: юраклар ҳовучда.
Тўртинчидан, томорқачи экин экиб, бола-чақаси билан ер тирнаб ҳаракат қилса-ю, бироқ кутилмаганда зарар кўрса, уни қўллаб-қувватлаш, керак бўлса зарарига шерик бўлиш тизими йўқ. Бунда томорқачи ўз ёғига ўзи қоврилиб қолаверади.
Бешинчидан, айрим томорқа эгаларининг ерларига сув келмайди, шўр, тошлоқ ва ҳоказо табиий шароитлар йўқ. Буни ҳал этишни кимдир бўйнига олиши керак, бироқ томорқачи эмас.
Энди ўйлаб кўринг: шундай икир-чикир ва баъзиларнинг кўзига кўринмайдиган муаммолар турганда қанчадир томорқачи табиий равишда “рискка” бормай, ҳеч бўлмаса зарар кўрмаслик учун ҳам томорқасини ўз ҳолига ташлаб қўйиши мумкинми. Мумкин. Бунинг учун уни жазолаш адолатдан бўладими шунда? Бу ёғига энди виждон ўртоқлар...
Оширворган бўлсам узр ўртоқлар, бироқ биз томорқамизга экин экиб қўйганмиз”, дея сўзларини якунламоқда ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси.
14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор ўтказган эди. Йиғилишда давлат раҳбари 34 миллионлик халқни боқиш ва етиштирган маҳсулотларни четга экспорт қилиш вазифалари кун тартибида тургани ҳақида таъкидлаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь