Янги вазирлик ва Фермерлар кенгаши деҳқонлар ва томорқа ер эгаларига мурожаат билан чиқди
Жамият
−
09 Апрель 2020
9157Бугун, 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига мурожаат билан чиқди.
“Айни пайтда бутун жаҳонни коронавирус пандемияси қаттиқ хавотир ва ташвишга солиб турибди. Кейинги йилларда дунё ҳамжамияти билан чуқур интеграцияга киришиб, жадал суръатларда ривожланиб бораётган Ўзбекистонимиз ҳам бу офатдан четда қолиши мумкин эмасди.
Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш, бутун дунё халқлари қаторида юртимиз аҳолисини ҳам ташвишга солаётган бу офатдан ўзимизни, оиламиз ва маҳалламизни сақлаш учун қатъий чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Ушбу масала юзасидан давлатимиз раҳбарининг кейинги йигирма кун мобайнида халқимизга уч марта мурожаат билан чиққанлари ҳам шундан далолат беради.
Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича шу йил 3 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз эл-юртимизга яна бир марта мурожаат этди. Чин юракдан изҳор этилган ушбу самимий ва таъсирчан мурожаат барча халқимиз қатори фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларимизга ҳам жуда катта руҳий далда бўлди.
Муҳтарам Президентимиз ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлиш билан бирга, юксак тафаккур, қатъий интизом ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозимлигини таъкидлади.
Видеоселектор йиғилишида деҳқончилик юмушлари қизғин паллага кирган шу ғанимат кунларда фермер ва томорқачиларимизга ҳам тетик ва бардам бўлиб, тушкунликка тушмасдан, айниқса, керакли тиббий қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларини изчил давом эттириш бўйича зарур маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилди. Зотан, карантиндан кейин ҳам ҳаёт давом этишини албатта ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Халқимизнинг бирламчи турмуш эҳтиёжларини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда аграр соҳанинг ғоят муҳимлиги кундек равшан. Юзага келган инқироз чуқурлашиб кетмаслиги учун ҳам бободеҳқонларимиз айни кунларда ҳар бир лаҳзани ғанимат билишлари жоиз.
Сиз, азиз деҳқонлар етиштирадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқимиз дастурхонига етказиб, бозорларимизда нарх-навонинг ўринсиз ошиб кетишининг олдини олишни таъминлаш энг асосий вазифамиз эканини унутмаслигимиз зарур. Бу борада миришкор деҳқонларимиз томонидан бугунги кунга қадар бажарилган ишлар таҳсинга сазовордир.
Мавжуд ноқулайликларга қарамасдан маҳсулотларингизни халқимизга етказиб бериш учун аҳоли яшаш пунктларида кўчма савдо дўконлари, кичик савдо ярмаркалари ташкил қилинмоқда.
Азиз юртдошлар, мамлакатимизга четдан кириб келган коронавирус пандемияси мисли кўрилмаган ташвишларни келтириб чиқараётган бир пайтда, томорқаларимизда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан халқимиз фаровонлигини, дастурхони тўкинлигини, бозорларимиздаги арзончиликни таъминлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Барчани бу муқаддас бурчимизни виждонан адо этишга чақирамиз!
Юртимизнинг барча ҳудудида меҳнатидан барака топаётган тажрибали деҳқонлар кўп. Томорқа ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи. Айни вақтда мамлакатимизда сизлар – 4,5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаси 435 минг гектар унумдор экин майдонида меҳнат қилмоқдасиз.
Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиш, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни муносиб ҳолатга келтириш учун ҳаракат қилайлик. Бундай амалий ибрат асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил меҳнат қилади.
Маълумки, деҳқончиликда баҳорнинг бир куни бир йилга татийди. Кўпни кўрган, омилкор деҳқонларимиз мана шундай ҳал қилувчи паллада қандай юмушларни бажариш зарурлигини жуда яхши билади. Табиат инжиқликлари билан курашларда тобланган тажрибали деҳқонларимиз вужудга келган вазиятни тўғри қабул қилган ҳолда, ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланадилар, деб ишонамиз”, дейилади мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди.
Унда Президент Шавкат Мирзиёев томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши лозимлигини таъкидлаганди.
LiveБарчаси