Песков Путиннинг Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иттифоқи тузиш ҳавасини тушунтириб берди
Олам
−
29 Ноябрь 2022
12465Россия Президенти Владимир Путин Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида газ иттифоқи доирасида мувофиқлаштирувчи механизм яратишни таклиф қилмоқда. Эҳтимол, бунинг учун қандайдир юридик шахс керак бўлар. Бу ҳақда Россия етакчисининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан мулоқотда сўз очди.
"Президент Путин биринчи босқичда мувофиқлаштириш механизмини яратишни назарда тутмоқда. Балки – албатта, бу ҳали муҳокама қилиниши керак – қандайдир юридик шахс билан: бу уч давлат ўртасидаги ҳамкорлик учун ҳам, инфратузилмани ривожлантириш учун ҳам, кейинчалик ташқи бозорлар учун”, дея тушунтирди Кремль вакили.
Песков бундай иттифоқни ташкил этиш сабаблари ҳақида гапирар экан, Қозоғистоннинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам ўз иқтисоди тез ривожланаётганига, жумладан, ички газга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганига эътибор қаратди.
"Бундан ташқари, ҳар икки давлат ташқи бозорларда ҳам савдо қилади. Табиийки, Россия Федерацияси ташқи бозорларда ҳам савдо қилади. Ва, албатта, бу бироз синхронлаштиришни талаб қилади", дейди у.
Бундан ташқари, Президент матбуот котибининг сўзларига кўра, Россия ва Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги ҳамкорлар сифатида ушбу соҳани ривожлантириш, келажакда эса умумий энергия бозорларини яратиш бўйича ҳам муайян режаларга эга.
"Ўзбекистон, ўзингиз билганингиздек, ЕОИИга ҳам кўз тикмоқда, кузатувчи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам буерда мувофиқлаштириш ва синхронлаштириш жуда муҳим", дея қўшимча қилди Кремль матбуот котиби.
Песковнинг алоҳида таъкидлашича, анъанавий равишда Шимолий Қозоғистоннинг эҳтиёжи Россиядан газ билан таъминланади.
“Қозоғистоннинг у ерда ўзига хос имкониятлари йўқ. Вариантлар бор: ё Россиядан газ олиб, Шимолий Қозоғистоннинг эҳтиёжларини қондириш ёки у ерга янги қувур тизимини тортиш учун катта ўнлаб миллиард доллар сарфлаш", дейди у.
Россия, ўз навбатида, Шарқий Сибирда янги газ вилоятини ривожлантирмоқда – ҳам экспорт, ҳам ички эҳтиёжларни қондириш учун.
“Буларнинг барчаси уч давлат – Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ўртасида аниқ ҳаракатлар, мунозаралар, мувофиқлаштиришни қўшишни талаб қилади”, дея хулоса қилди Президент матбуот котиби.
Фикрнинг долзарблиги
Умуман олганда, Песков таъкидлаганидек, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг газ иттифоқини яратиш ғояси ниҳоятда долзарб ва бу давлатлар манфаатларига мос келади.
“Гап бу жуда муҳим минтақадаги улкан, бепоён ҳудуд ва, албатта, энергия, газ ва ҳоказоларни етказиб бериш йўналишлари бу ҳудуд учун ниҳоятда долзарблиги ҳақида бормоқда. Кенг тармоқ ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш юқорида қайд этилган уч мамлакат манфаатларига жавоб беради”, деб тушунтирди у.
Песковнинг сўзларига кўра, бу ташаббус аниқ контурларни шакллантириш нуқтаи назаридан якунланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 ноябрь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашуви чоғида Путин уч томонлама газ иттифоқини тузиш таклифи билан чиққани ва бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилмоқчи эканини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь