Песков давлат тўнтаришига уринишда Россия айбланаётганига изоҳ берди
Олам
−
07 Декабрь 2022
10625Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бугун, 7 декабрь куни журналистларга Германияда давлат тўнтаришига тайёргарлик билан боғлиқ вазият Германиянинг ички иши эканлигини айтди. У Берлиннинг гувоҳлигига кўра, Москванинг аралашуви ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигига эътибор қаратди.
“Булар Германиянинг анчагина ички муаммолари ва уларнинг ўзлари Россиянинг ҳеч қандай аралашуви ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини таъкидламоқда. Биз бу ҳақда ОАВ хабарларидан билиб олдик. Бу ҳақда айтадиган гапимиз йўқ”, деб тушунтирди Кремль вакили.
Германия Бош прокуратураси мамлакатда давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш аниқлангани ва гумондорлар қўлга олингани, тўнтаришни амалга оширишда асосий алоқа шахси ҳозирда Россия Федерацияси ҳисобланиши, айбланувчи Генрих XIII П.Р. Россия Федерациясининг Германиядаги вакиллари билан аллақачон алоқага чиққани, бироқ жавоб ололмагани ҳақида баёнот берди.
Бош прокуратура Россиянинг Берлиндаги элчихонасига ва матбуотга давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда гумон қилинаётган шахсларнинг Россия вакиллари билан алоқалари тафсилотлари ҳақида маълумот бермаган.
Берлиндаги элчихонанинг маълум қилишича, Россиянинг Германиядаги дипломатик муассасалари ноқонуний тузилмалар вакиллари билан ҳеч қандай алоқада эмас.
Тўтаришга уриниш
Аввалроқ Германия Бош прокуратураси мамлакатда давлат тўнтаришига уриниш бостирилгани ҳақида хабар берган эди. 3000 га яқин полициячи иштирок этган кенг кўламли операция давомида Германия махсус хизматлари давлат тўнтаришини уюштирганликда гумон қилинган 50 дан ортиқ кишидан 25 нафарини қўлга олди.
Ҳибсга олинганлар орасида Россия Федерацияси фуқароси – Виталия Б. Ҳам бор. У гумонланувчиларга Россия Федерацияси вакиллари билан боғланишда ёрдам бергани айтилмоқда. Бош прокуратура маълумотларига кўра, ҳибсга олинганлар фитнанинг мафкуравий асосларини миллатчи немис Reichsbuerger ҳаракати ва Қўшма Штатларда кенг тарқалган QAnon фитна назариясидан олган.
Ҳозирги операция тарихдаги энг йирик операциялардан бирига айланди. Тинтувлар Германиянинг 16 федерал штатларидан 11 тасида, 130 дан ортиқ уй ва хонадонларда ўтказилди.
Шу билан бирга, террорчилик ташкилоти йирик ва илдиз отган бўлиб чиқди: унинг таркибига Пруссия князлари меросхўри, сиёсатчи, юқори мартабали ҳарбийлар ва Мудофаа вазирлигининг махсус кучлари аскарлари кирган.
Тўнтаришни режа қилганлар ҳукуматга ўхшаш кенгашни, шунингдек, ҳарбий қанотни яратган, бошқа нарсалар қатори куч тузилмаларида – армия ва полицияда тарафдорларни фаол равишда жалб қилган. Ташкилот аъзолари гўёки кичик қуролли гуруҳ билан Бундестаг (парламент)га бостириб киришни режалаштирган.
LiveБарчаси