Перу собиқ президенти 14 йилга қамалди
Олам
−
27 Ноябрь 1274 2 дақиқа
Кеча, 26 ноябрь куни Перу суди мамлакат собиқ президенти Мартин Вискаррани пора олишда айбдор деб топди. Суд унга 14 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, Вискарра 2011 йилдан 2014 йилгача жанубий Мокегуа провинцияси губернатори лавозимида ишлаган. Шу даврда у жамоат ишлари бўйича шартномалар эвазига қурилиш фирмаларидан 676 минг долларга тенг миқдорда пора олган.
Унга қарши суд иши эса 2024 йилнинг октябрь ойида бошланган, Вискарра ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, сиёсий таъқиблар қурбони бўлганини айтган. У 2018 йилда аввалги президент истеъфога чиққач ҳокимиятга келган, бироқ икки йил ўтиб коррупция бўйича терговлар фонида Конгресс томонидан лавозимидан четлатилган.
“Бу адолат эмас, бу қасос. Аммо улар мени синдиролмайди”, дейди Вискарра ҳукм чиқарилгандан кейин.
Унга 9 йил давомида давлат лавозимларида ишлаш ҳам тақиқланган. Вискарранинг юридик жамоаси ҳукм устидан апелляция берганини маълум қилган.
Сиёсатчининг акаси Марио Вискарра 2026 йил апрель ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида “Peru First” партиясидан номзод бўлишни режалаштирмоқда. Бу партияда собиқ президент асосий маслаҳатчи сифатида фаолият юритган.
“Жавоб сайлов участкасида. Бу курашни акам Марио Вискарра давом эттиради”, дейди собиқ етакчи.
2021 йилги сайловларда марказий сўл сиёсатчи сифатида қатнашган Вискарра Конгресс номзодлари орасида энг кўп овоз тўплаган. Бироқ у 2019 йилда парламентни тарқатиб юборгани учун 10 йилга давлат лавозимларидан маҳрум қилинган.
Унинг судланиши “Lava Jato” можаросини текшираётган прокуратура учун навбатдаги муҳим ғалаба бўлган. Мазкур можаро Бразилиянинг “Odebrecht” (ҳозирги номи – Novonor) компанияси иштирокидаги йирик пора схемаси билан боғлиқ бўлиб, Лотин Америкасидаги кўплаб сиёсий етакчиларни қамраб олган.
“Перу 2018 йилдан бери коррупция можаролари туфайли импичментлар ва истеъфолар натижасида олти президентни алмаштирган ҳолда, сиёсий беқарорлик гирдобида қолмоқда. Вискарра уч нафар собиқ президент сақланаётган Лима қамоқхонасига олиб кетилиши кутилмоқда. Алехандро Толедо ва Олланта Ҳумала коррупция учун жазони ўтаяпти, Педро Кастилё эса исёнчиликда айбланиб ҳибсда сақланмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилиянинг 27 йилга қамалган собиқ президенти ҳибсга олинганди.