Пентагон раҳбари Киевга борди
Олам
−
20 Ноябрь 2023
5520Бугун, 20 ноябрь куни АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Украинага борди. Бу ҳақда у ўзининг X’даги саҳифасида маълум қилди.
“Мен ҳозиргина Киевга Украина раҳбарлари билан учрашиш учун келдим. Бугун мен муҳим хабарни – Қўшма Штатлар Украинани Россия агрессиясига қарши курашда ҳозир ҳам, келажакда ҳам қўллаб-қувватлашини етказмоқчиман", деб ёзган Пентагон раҳбари.
АҚШ Мудофаа вазирлиги сайтида қайд этилишича, Остин ташрифи давомида Украина раҳбарияти билан юқори даражадаги музокаралар олиб боради.
Пентагоннинг аниқлик киритишича, муҳокамалар АҚШ ва Украина ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, Украина Қуролли кучларини қиш учун ҳам, ўз мамлакатини келажакдаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун ҳам зарур бўлган жанговар имкониятлар билан таъминлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден Украина ва Исроилга ёрдам маблағ ажратишни ўз ичига олмаган федерал бюджетни вақтинча молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолаганди. Украина Президенти Владимир Зеленский октябрда Фаластин-Исроил можароси бошланганидан бери Украинага 155 мм артиллерия снарядларини етказиб бериш камайганини айтганди. Шунингдек, у Ғарб давлатлари Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатса, мамлакат Қуролли кучлари чекинишга мажбур бўлишини таъкидлаганди.
LiveБарчаси