Агар Ғарб Украинага ёрдам бермаса, чекинишга мажбур бўламиз – Зеленский
Олам
−
19 Ноябрь 2023
18657Владимир Зеленский Ғарб давлатлари Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатса, мамлакат қуролли кучлари чекинишга мажбур бўлишини айтди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрга кўра, Украина Президенти Владимир Зеленский хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Исроил ва ҲАМАС можароси бошланганидан сўнг, Ғарб мамлакатлари Киев режимига эътиборсиз бўлиб қолганини айтиб ўтган.
“Ҳозир бор эътиборимизни Ғарбдан ёрдам олишга қаратганмиз. Уларнинг диққати Яқин Шарқдаги вазият ва бошқа сабабларга кўра бўлинган. Уларнинг ёрдамисиз биз чекинамиз”, дея Зеленский сўзларини келтирган “Bloomberg”.
Шунингдек, агентлик аллақачон Украина ҳудудида совуқ ҳарорат ҳукм сураётгани, қуролли кучлар қишки урушга тайёр эмаслигини қўшимча қилган. Унга кўра, Киевда 155 миллиметрли снарядларнинг кескин танқислиги кузатилмоқда, ҳозирда уларни етказиб бериш сезиларли даражада камайган. Бироқ Зеленский сўнгги ҳафталарда иттифоқчиларни вазият ўнгланишига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда.
Айтиш жоиз, жорий йилнинг 16 ноябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден федерал бюджетни вақтинча молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолаганди. Унда Украинага бериладиган ёрдам учун маблағ ажратиш белгиланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Киевда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон билан учрашувда Фаластин-Исроил можароси бошланганидан кейин дунё Украинадаги ҳарбий амалиётларга у қадар эътибор қаратмаганини айтганди.
LiveБарчаси