Пентагон раҳбари Яманга зарба бериш режаларини хотинига юборган – NYT

Олам

image

АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет 15 март куни Signal хабар алмашиш иловасидаги рафиқаси, укаси ва шахсий адвокатини ўз ичига олган шахсий чатда Яманда бўлажак зарбалар тафсилотлари билан ўртоқлашган. Бу ҳақда кеча, 20 апрель куни суҳбат мазмунидан хабардор манбаларга таяниб, “The New York Times” (NYT) хабар берди.

NYT манбаларига кўра, Пентагон раҳбари чатда вазифаси Ямандаги ҳусийларга зарба бериш бўлган F/A-18 Hornet қирувчиларининг парвоз жадвалини эслатган. Худди шу ҳужум режалари “The Atlantic” бош муҳаррири Жеффри Голдберг хатолик билан қўшилиб қолган Signal'даги бошқа бир чатда эълон қилинган.

Ҳегсетнинг рафиқаси, “Fox News” телеканалининг собиқ продюсери, Мудофаа вазирлиги ходими эмас, лекин у чет эл сафарларида эрига ҳамроҳлик қилган. Вазирнинг укаси ва унинг шахсий адвокати Тим Парлаторе Пентагонда ишлайди.

Атлантика муҳаррири тасодифан қўшилиб қолган суҳбат чатдан фарқли ўлароқ, бу чатни Ҳегсетнинг ўзи 2025 йил январь ойида, вазир этиб тасдиқланишидан олдин яратган. Чат “Defense | Team Huddle” деб номланган ва Ҳегсет бунинг учун давлат телефонидан эмас, балки шахсий телефонидан фойдаланган.

Трамп жамоасининг Signal'даги суҳбатининг сиздирилиши

“The Atlantic”нинг бош муҳаррири 24 март куни у Signal хабар алмашиш иловасидаги гуруҳ суҳбатига қўшилганини, унда Оқ уй расмийлари Яман ҳусийларининг позицияларига зарба беришни муҳокама қилганини айтди. Чатда 18 киши, жумладан Мудофаа вазири Пит Ҳегсет, АҚШ Президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц ва ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Стивен Миллер бор эди.

Кейинроқ нашр ёзишмаларнинг тўлиқ стенограммасини чоп этди. Журналистлар бу ҳаракатни Signal мессенжер суҳбати иштирокчилари, жумладан, АҚШ Миллий разведка директори Тулси Габбард ва Марказий разведка директори Жон Ратклифф воқеани босди-босди қилмоқчи бўлгани билан изоҳлади.

Олий мансабдор шахсларнинг Сенатдаги тингловда кўрсатма беришларича, онлайн суҳбат давомида ҳеч қандай махфий маълумотлар берилмаган. Бироқ Мудофаа вазирлигининг собиқ расмийлари ҳужумдан олдин учиш вақти ва самолётларнинг турлари ҳақидаги хабарлар учувчилар ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин эди, деб ҳисоблайди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Пентагон Пит Ҳегсет Signal

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг