Трампнинг одами Оқ уйдан махфий маълумотлар сизиб чиқишига сабабчи бўлди
Олам
−
25 Март
3801АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти вакили “Atlantic” нашри муҳарририни тасодифан махфий онлайн чатга қўшиб қўйди. Ушбу чатда АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари Ямандаги ҳусийларга қарши махфий ҳарбий зарбалар режалари бўйича муҳокама олиб борган. Бу ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб “Atlantic” муҳаррири Жеффри Голдберг кенг қамровли мақола ёзди. Кейинчалик Оқ уй ҳам ушбу маълумотни тасдиқлади.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Брайан Хьюз бегона рақам қандай қилиб чатга қўшилиб қолгани бўйича текширув олиб борилаётганини маълум қилган.
“Миллий хавфсизлик раҳбарлари мени Яманга қарши бўлажак ҳарбий зарбалар ҳақида муҳокама кетаётган гуруҳ чатига қўшиб қўйди. Бунга ишониш қийин эди. Аммо кейин бомбалар ёғила бошлади”, деб ёзган Голдберг ўз мақоласида.
Signal мессенжерида бўлиб ўтган ушбу ёзишмада АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц, АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс ва бошқа юқори мартабали амалдорлар қатнашган бўлиши мумкин.
Ушбу муҳокамалар айнан 15 март куни АҚШ томонидан Ямандаги ҳусийларга қарши уюштирилган кенг кўламли зарбалар ҳақида бўлган. Президент Дональд Трамп бу ҳаракатини ҳусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилгани билан изоҳлаган. Бу минтақа жаҳон бўйлаб нефть ва ёнилғи ташиш учун энг муҳим йўлаклардан бири ҳисобланади.
Ҳусийлар назоратидаги Яман Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 15 март кунги зарбалар оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлиб, 101 киши жароҳатланган.
Жеффри Голдбергнинг сўзларига кўра, 11 март куни у Signal орқали Майкл Уолтц исмли фойдаланувчидан қўшилиш сўровини олган. Дастлаб Голдберг бу ҳақиқий Уолтц эмас, балки уни тузоққа туширишга уриниш деб ўйлаган.
“Ҳозирги кунда шундай ҳолатлар кўп учрайди – турли шахслар журналистларни ўзларига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор қилишга мажбурлашга ҳаракат қилади”, деб ёзган у мақоласида.
Шунга қарамай, у Signal орқали чатга қўшилган. Балки бу ҳақиқатан ҳам АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц бўлиб, у Украина, Эрон ёки бошқа долзарб мавзулар бўйича гаплашмоқчи бўлгандир, деб тахмин қилган. Орадан икки кун ўтиб, унга ҳусийлар муаммосини муҳокама қилиш учун махсус чатга қўшилгани ҳақида хабар келган.
“Жамоа – биз ҳусийлар бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун раҳбарлар қўмитаси гуруҳини ташкил қиламиз, айниқса кейинги 72 соат ичида”, дейилади Майкл Уолтц ҳисобидан ёзилган хабарда.
Голдбергнинг таъкидлашича, кейинги кунларда у АҚШ ҳарбий кучлари, Яқин Шарқдаги ҳарбий операциялар ва стратегик қарорлар билан боғлиқ юқори даражадаги махфий маълумотларга гувоҳ бўлган. Чатдаги ёзишмалар турли фойдаланувчилардан, жумладан, Вэнс ва Ҳегсет (агар бу ҳақиқий аккаунтлар бўлса, АҚШ вице-президенти ва Мудофаа вазири) томонидан ёзилган.
Бироқ бир қанча белгилар унга чат ҳақиқатдан ҳам реал эканини тушунишга ёрдам берган. Энг сўнгги тасдиқ эса Яман бўйлаб зарбалар амалга оширилиши бўлган – улар олдиндан чатда батафсил муҳокама қилинган эди.
“Улар мени гуруҳга қўшганларини билишганми? Мени атайлаб қўшишганми? Агар йўқ бўлса, улар мени ким деб ўйлашган? Мен чатга қўшилган ёки ундан чиққан вақтимда кимдир буни тушуниб етдими? Трамп маъмуриятининг юқори амалдорлари Signal мессенжеридан нозик муҳокамалар учун мунтазам равишда фойдаланишадими? Агар бу чатга мен эмас бошқа кимдир қўшилганида АҚШ учун қанчалик катта зарар етиши мумкинлигини англадим”, дея эслайди Голдберг.
Голдбергнинг фикрича, Майк Уолтц давлатнинг хавфсизлик бўйича бир неча қоидаларини бузган.
“Мен ҳеч қачон бундай қоидабузарликни кўрмаганман. Signal кўпинча учрашувларни режалаштириш ёки бошқа логистик масалалар учун ишлатилади. Аммо у ҳеч қачон муҳим ҳарбий операцияларни муҳокама қилиш учун ишлатилмайди. Энг қизиғи, мен каби журналист ҳеч қачон бундай махфий муҳокамаларга жалб қилинмаган”, деб ёзади у мақоласида.
Хавфсизлик бўйича экспертлар АҚШ расмийларининг махфий маълумотларга бўлган бепарволигини танқид қилган ва буни ўта эҳтиётсизлик деб атаган.
Маълумот учун, Signal – бу шифрланган хабар алмашиш иловаси бўлиб, журналистлар ва махфийликка эҳтиёж сезадиган шахслар томонидан кенг ишлатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан АҚШ Қуролли кучлари Президент Дональд Трампнинг буйруғи билан Ямандаги ҳусийлар назорати остидаги ҳудудга оммавий зарбалар бергани хабар қилинган эди. Зарбалар ҳусийлар назоратидаги пойтахт Сана, шунингдек, Ал-Байда, Ал-Ҳодейда, Саада, Ҳажжа ва Мариб вилоятларидаги нишонларга берилган.
LiveБарчаси