Трампнинг буйруғи билан АҚШ қўшинлари Яманга зарба берди
Олам
−
16 Март
6150Кеча, 15 март куни АҚШ Қуролли кучлари Президент Дональд Трампнинг буйруғи билан Ямандаги ҳусийлар назорати остидаги ҳудудга оммавий зарбалар беришни бошлади. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги хабар берди.
“Операция Америка манфаатларини ҳимоя қилиш ва навигация эркинлигини таъминлашга қаратилган”, дейилади хабарда.
“Al Hadath” телеканалининг хабар беришича, АҚШ Қуролли кучлари 15 март куни тахминан соат 19:00 дан 16 март куни соат 05:00 гача Яманнинг ҳусийлар назоратидаги ҳудудларини ўққа тутган.
“Зарбалар ҳусийлар назоратидаги пойтахт Сана, шунингдек, Ал-Байда, Ал-Ҳодейда, Саада, Ҳажжа ва Мариб вилоятларидаги нишонларга берилган”, деб хабар бермоқда телеканал.
“The New York Times”нинг Америка расмийларига таяниб, хабар беришича, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳусийларга қарши кенг кўламли ҳарбий операция ўтказишга ҳозирча розилик бермаган. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар томонидан тузилган режага кўра, кўпчилиги ер остида жойлашган ҳусий арсеналларига ҳаво ҳужумлари бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Аммо сайлов кампанияси давомида янги ҳарбий аралашувларга йўл қўймасликка ваъда берган Трамп Яман шимолини ҳусийлардан тортиб олиши мумкин бўлган янада тажовузкор стратегияни ҳали маъқулламади.
Ҳусийлар ҳаракати тинч аҳоли объектлари нишонга олинаётганини даъво қилиб, кескинлашувга жавоб беришга ваъда берди. Яман Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, зарбалар оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.
LiveБарчаси