Пентагон Марказий Осиё давлатлари АҚШдан нима кутаётганини очиқлади
Олам
−
29 Сентябрь 2021
13043Марказий Осиё давлатларининг бир қатор давлатлари АҚШ билан алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор. Бу минтақа давлатларига Россия ҳамда Хитой билан ўзаро муносабатларда альтернатив вазифасини ўтайди. AҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Кеннет Маккензи кеча, 28 сентябрь куни Конгресс Сенатининг Қуролли кучлар қўмитасида Афғонистондан Америка контингентини олиб чиқиш шартлари ҳақидаги эшитувда шундай фикр билдирди.
Маккензи Қўшма Штатлар Афғонистонга бошқа давлатлар таъсирининг кучайишига йўл қўймаслик учун қандай чоралар кўраётгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ўтган ҳафта Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда бўлганини эслади. Маккензининг сўзларига кўра, у маслаҳатлашувларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон вакиллари билан учрашган.
Маккензига кўра, улар Афғонистонда Ашраф Ғани ҳукумати қулаганидан кейин мамлакат қай аҳволда бўлишини муҳокама қилган.
"Умуман олганда, улар (Марказий Осиё давлатлари – таҳр.) Америка билан алоқалари аввалгидек бўлишини хоҳлайдилар. Негаки улар (АҚШ – таҳр.) Россия ва Хитой ўрнини босувчи бўлишини истайди. Афсуски, географик жойлашуви туфайли ушбу мамлакатлар Россия ва Хитой билан муомала қилишга мажбур. Ўйлашимча, бизнинг минтақадаги шерикларимиз, ҳаттоки, Афғонистонни тарк этган бўлсак-да, АҚШ улардан юз ўгирмаслигини кўрсатишини хоҳлайдилар”, дейди Маккензи.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланди.
Афғонистондаги вазият
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахти Қобулни эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси