Павел Дуров васиятнома ёзди
Олам
−
20 Июнь 10955 2 дақиқа
Telegram асосчиси Павел Дуров фарзандлари 30 ёшга тўлгунча унинг мол-мулкидан фойдалана олмаслиги кўзда тутилган васиятномасини ёзди. Бу ҳақда у “Le Point” нашрига берган интервьюсида сўзлаб берди.
Тадбиркорнинг тушунтиришича, у фарзандларининг “оддий одамлар каби яшашини” – ўзаро ишончни ўрганишини, ҳаётларини мустақил равишда қуришини ва “банк ҳисобига боғлиқ бўлмай, ижод қила олишларини” истайди.
“Мен учун табиий йўл билан туғилган болалар билан уруғ донорлиги орқали туғилганлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Уларнинг барчаси менинг фарзандларим ва тенг ҳуқуқларга эга. Мен ўлимимдан сўнг улар меросни талашишини истамайман”, дейди Павел Дуров.
Мессенжер асосчисининг айтишича, унинг уч нафар турмуш ўртоғидан олти фарзанди бор, шунингдек, унинг донорлиги ортидан яна 12 та мамлакатда 100 дан ортиқ фарзанд туғилган.
Павел Дуров васият ёзиш қарорини ўз иш фаолиятидаги хавфлар билан изоҳлаган.
“Эркинликни ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятим кўплаб душманларни юзага келтиради. Мен ўз фарзандларим ва ўзим ишлаб чиққан Telegram компаниясини ҳимоя қилмоқчиман”, дейди у.
Шунингдек, Дуров агар кутилмаган ҳолат юз берса, Telegram бошқаруви нотижорат жамғармага ўтишини қўшимча қилган.
“Мен учун асосий мақсад – платформанинг барқарор ишлашини таъминлашдир. У мустақил бўлиб қолиши ва фаолиятини давом эттириши лозим”, дейди у.
Шунингдек, Павел Дуров Telegram’нинг 100 фоизига эгалик қилишини таъкидлаб, ҳеч қандай ташқи акциядор йўқ эканини, бу ҳар қандай аралашувни истисно қилишини ва мутлақ мустақилликни таъминлашини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дуров америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида Франциядаги можаро фонида Ўзбекистонни мақтаб, мамлакатга ташриф буюргани ва бундан мамнун эканини айтганди. Дуров интервьюда Францияда юз берган ҳибсга олиниши воқеасини шарҳларкан, Ўзбекистонга қилган сафарини ҳам эсга олган. У ҳибсга олинишини нафақат шахсий адолатсизлик, балки Франция ҳукуматининг обрўсига ҳам зарба деб атаган.
Live
Барчаси