Пашинян Ереван ва Баку ўртасидаги тинчлик бўйича таклиф кимдан чиққанини айтди

Олам

image

Тинчлик бўйича таклиф Озарбайжон монополияси эмас, дейди Арманистон Бош вазири Никол Пашинян. У Ереваннинг ўзи ҳам шундай таклифлар билан чиқаётганини таъкидлади.  

“Тинчлик бўйича таклиф Озарбайжоннинг монополияси эмас. Биз ўзимиз тинчлик таклифи билан чиқдик. Арманистон таклифга жавоб бермагани ҳақидаги баёнотлар жуда ғалати. Арманистон бу баёнотларга муносабат билдирди, Арманистон бунга тайёр эканини маълум қилди ва биз ЕХҲТ Минск гуруҳи доирасидаги формат айнан тинчлик шартномасига эришишга қаратилганини таъкидладик. Биз бу муҳокамаларга тайёрлигимизни ва бизнинг фикримизча, бу муҳокамалар ЕХҲТ Минск гуруҳи форматидаги иш натижалари асосида, хусусан, Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш масаласини ўз ичига олган ҳолда ўтказилиши лозимлигини билдирдик”, деган Пашинян мамлакат жамоат телевидениесига берган интервьюсида. 

Шу билан бирга, у чегараларни демаркация ва делимитация қилиш, Тоғли Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш ва минтақавий коммуникацияларни очиш жараёнлари бир-биридан аниқ ажратилганини таъкидлаган.

“Бу бизнинг позициямиз. Биз чегараларни демаркация ва делимитация қилишга нафақат тайёрмиз, балки буни зарур деб ҳисоблаймиз. Лекин чегарани демаркация ва делимитация қилиш жараёнини тасаввур қила олишимиз қийин, чунки бу ерда сулҳ деярли ҳар куни бузилади”, деган Пашинян. 

Унинг таъкидлашича, ўтган йил 9 ноябрь куни уч томонлама ўт очишни тўхтатиш баённомаси имзоланганидан кейин Қорабоғ ва Арманистон-Озарбайжон чегарасида ўт очишни тўхтатиш режими бор-йўғи беш-олти кун давомида бузилмаган. 

Бош вазир, шунингдек чегарани делимитация ва демаркация қилиш учун уларнинг қонуний асосларини тушуниш зарурлигини таъкидлаган. 

Қорабоғ можароси 

2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди.  

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. 

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради. 

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди. 

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.  

Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябр соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Арманистон

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг