Пашинян Марказий Осиёга келади
Олам
−
12 Август 5785 2 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Унда Тўқаев Арманистон ҳукумати раҳбарини Вашингтонда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзолангани билан табриклаган.
“Тарихий аҳамиятга эга бўлган ушбу ҳужжатнинг имзоланиши, жумладан, Никол Пашиняннинг кучли сиёсий иродага эга сиёсатчи ва ўз давлатининг миллий манфаатларини стратегик нуқтаи назардан кўра оладиган юксак фазилатлари туфайли мумкин бўлди”, дейилади Ақорда хабарида.
Қайд этилишича, бу битим Жанубий Кавказда кенг кўламли халқаро ҳамкорликка, Қозоғистон ва Арманистон ўртасида янада жадал иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка йўл очади.
Тўқаев суҳбат давомида Остонада Арманистон Бош вазирининг жорий йил охирига режалаштирилган расмий ташрифига тайёргарлик бошланганини айтди. Таъкидланишича, Қозоғистон музокаралар учун ўз платформасини тақдим этиш орқали Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада ривожлантиришга тайёр.
Никол Пашинян табрик ва илиқ қўллаб-қувватлаш сўзлари учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистон томонини икки давлат ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар жараёнининг айрим жиҳатлари ҳақида маълумот берди, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг воситачилик роли ўта муҳимлигини таъкидлади.
Бош вазир Қозоғистоннинг Арманистон ва Озарбайжонни яраштириш борасидаги фаолиятига ижобий баҳо берди. Шунингдек, у ўзаро ҳамкорлик бўйича янги шартномаларни имзолаш учун жорий йилда Қозоғистонга ташриф буюришга тайёрлигини тасдиқлади.
Озарбайжон ва Арманистон 8 август куни АҚШ воситачилигида Қўшма Штатлар Президенти Дональд Трамп билан учрашув чоғида кўп йиллик можаролардан сўнг икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантирувчи ва уларни ўзаро муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга олиб келадиган тинчлик битимини имзолаганди. Трампнинг айтишича, икки давлат урушни тўхтатиш, дипломатик муносабатларни очиш ва бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш мажбуриятини олган. Ўзбекистон Трамп воситачилигидаги Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик музокараларида муҳим натижага эришилганини олқишлади. Учрашувда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Трампни Тинчлик учун Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатиш ниятида эканини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 август куни Россия Президенти Владимир Путин Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилди. Арманистон ҳукумати раҳбари Оқ уйда АҚШ ва Озарбайжон Президентлари Дональд Трамп ва Илҳом Алиев билан учрашуви ҳақида сўзлаб берди.
Live
Барчаси