Пашинян Қорабоғдаги Россия кучларининг фаолиятидан нолиди

Олам

image

Қорабоғда юзага келган вазият минтақадаги Россия тинчликпарвар кучларининг фаолияти бўйича қатор саволларни пайдо қилади. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бугун, 4 август куни ҳукумат йиғилишида айтиб ўтди.

“Тоғли Қорабоғда (арманлар Қорабоғни шундай номлаган) 2020 йилдан буён, жумладан, сўнгги кунларда бўлиб ўтган бир қатор воқеалар Арманистон жамоатчилигида Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарварлик амалиётининг мазмуни ва моҳияти ҳақида саволлар туғдирмоқда. Шу нуқтаи назардан, Тоғли Қорабоғда тинчликпарварлик амалиёти тафсилотларини келишиб олиш зарурати пайдо бўлди”, деган у.

Шунингдек, у россиялик тинчликпарвар кучлардан Қорабоғдаги тўқнашув чизиғини бузишга қаратилган ҳар қандай уринишларни тўхтатишини кутишини айтган. Пашинян Қорабоғдаги вазиятда фавқулодда мураккаб, деб баҳолаган.

“Маълумки, охирги кунларда Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги вазият ниҳоятда оғирлашди. Жанглар натижасида Тоғли Қорабоғ мудофаа армиясининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди, яна 19 нафари яраланди”, дея ҳарбийлар хотираси учун бир дақиқа сукут сақлашни сўраган Пашинян.

Пашиняннинг айтишича, Арманистон ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда хизмат қилмайди.

Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон Қорабоғ бўйича 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнот ижросини бузишга уринмоқда. 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнотга кўра, Ереван минтақада тинчлик ўрнатишдан воз кечмоқчи эмас.

У, шунингдек, Арманистон Озарбайжоннинг ғарбий қисми ва Нахичеван ўртасида алоқани таъминлашга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни Озарбайжон билан тўқнашув чизиғида вазиятнинг кескинлашиши оқибатида икки нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, яна 14 нафари яраланган.

Тоғли Қорабоғ Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, айни вақтда вазият нисбатан сокинлашган, Тоғли Қорабоғ кучлари россиялик тинчликпарвар кучлар билан бирга вазиятни барқарорлаштириш устида иш олиб бормоқда. Расмий Ереван Қорабоғдаги воқеаларга ҳозирча изоҳ бермади.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилгани ва Қорабоғдаги қатор тепаликлар назоратга олинганини маълум қилди. Амалиёт бошланишига бугун Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлган.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та қишлоқи ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон Қорабоғ

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг