Парламентда Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар бўйича Омбудсман танқид қилинди
Таҳлил
−
25 Февраль 2020
17807Парламентда Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар бўйича Омбудсман танқид қилинди. Вакилга вазифалар топширилди
2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айблангани ва терговдаги шахсларнинг ҳуқуқлари терговчилар томонидан поймол этилгани ҳақида “Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли мақола ва фильмни тақдим этган эдик.
Ушбу мақола ва махсус фильмда сўзга олинган масалалар, терговда қийноқларга солинган фуқароларнинг бошдан кечирганлари бугун кенг жамоатчилик эътиборига тушиб, муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Бугун, 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар.
Мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев ҳисобот билан сўзга чиқди. Депутатлар Омбудсманнинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини танқидий-таҳлилий кўриб чиққан.
QALAMPIR.UZ манбасининг хабар беришича, депутатлар Расул Кушербоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Сафар Остонов Бош прокуратурадаги шафқатсиз қийноқ бўйича тайёрланган фильм юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га юзланишган ва танқидий саволларга тутишган.
Берилган эътирозлар терговдаги қийноқлар, гумонланувчиларни сақлашдаги шароитлар, тергов вақтидаги ғайриқонуний равишдаги муомалалар бўйича Омбудсман қилаётган ишлар, йўл қўяётган сусткашликлар танқид остига олинган. Улуғбек Муҳаммадиев бу масалаларга чора кўрилмаётгани, нега бундай масалалар депутатларга етиб келмаётгани ҳақида саволларга тутилган. Ушбу ҳолатлар бўйича QALAMPIR.UZ сайтида эълон қилинган “Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” фильми мисол сифатида айтилган ва фильмдаги ҳолат “даҳшатли” дея баҳоланган.
Депутатлар Омбудсманга амалий чоралар кўриш учун яна қандай ваколатлар бериш кераклигини сўраб, қандай ҳуқуқий ечимлар берилиши бўйича таклифлар тайёрлаб келиш вазифасини юклаганлар. Фуқаролар давлат органига “устингдан Омбудсманга шикоят қиламан” деганда ҳайиқадиган бўлиши, амалдорлар қонуний иш олиб бориши бўйича амалий чоралар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилган.
Танқидллар сўнгида Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Улуғбек Муҳаммадиевга ушбу масала юзасидан Бош прокуратура бошлаган текширувда ҳамкорликни амалга ошириш ва якуни бўйича ҳисобот топшириш вазифаси юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, мақолада 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айбланганлиги, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқлари терговчилар томонидан поймол этилгани баён этилганди.
Шунингдек, тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклагани, бошларига “целлофан” пакет кийдиргани, совуқ хоналарда ечинтиргани, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказгани маълум қилинганди.
Мазкур фильмга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси муносабат билдириб, ҳозирда Бош прокуратура томонидан текшириш ҳаракатлари бошланганини маълум қилди.
“Текшириш натижасига кўра, эълон қилинган мақола ва фильм бўйича барча томонларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, дейилади расмий муносабатда.
Ҳозиргача мазкур ҳолатга “Адолат” социал-демократик партияси муносабат билдирди ва ягона тергов органи тузиш талаби билан чиқди. Депутат Расул Кушербоев эса фильмда қайд этилган ҳолатлар бўйича жавобгарлар жазоланиши кераклигини айтиб чиқди.
LiveБарчаси