Парижда “рақамлар жанги”. Месси ва Доннарумма сабаб қатьий қоидалар ўзгартирилди

Спорт

image

Кеча, 10 август куни Лионель Месси ПСЖ билан шартнома имзолади ва жамоада 30-рақамли либосда ҳаракат қиладиган бўлди. Аргентиналик футболчи 2003 йилда “Барса”да айнан шу рақам остида фаолиятини бошлаган. Маълумотларга кўра, Неймар унга ўзининг рақамини таклиф қилган, лекин Лео ҳурмат билан буни рад этган. Дарвозабон Жанлуижи Доннарумма эса ўзининг севимли 99-рақамида ҳаракат қила олмайди.

Ушбу жараён билан боғлиқ бўлган қизиқарли ҳолат мавжуд: Аслида 30-рақам дарвозабонларга тегишли. 

Франция профессионал футбол лигаси қатъий қоидаларининг 576-бандига кўра, асосий таркибда ўйнайдиган футболчилар бутун мавсум учун рақамланади. Асосий жамоа ўйинчиларининг рўйхати 30 кишидан ошмаслиги керак, шунинг учун 1-30 рақамларгина муомалада. 1, 16 ва 30 рақамлар эса дарвозабонлар учун ажратилган. Сўнгги чора сифатида дарвозабон 40 рақамини олиши мумкин. Агар клуб профессионал шартнома бўйича 30 дан ортиқ футболчига муҳтожлигини исботласа, махсус комиссия бир нечта футболчига рухсат бериши мумкин.

Қоидаларга кўра, Жанлуижи Доннарумма ўзининг севимли 99-рақамидан воз кечишга мажбур бўлди, шунинг учун у 50-рақамни танлади (1, 16, 30, 40 рақамлари банд қилинган).

Мессидан олдин, ПСЖдаги 30-рақам 30 ёшли посбон Александр Летельерга тегишли эди, бироқ у бирорта ҳам расмий ўйин ўтказмаган. Летельер жамоанинг тарбияланувчиси ҳисобланади ва 2020 йилда “Орлеан”дан (Лига 2) келиб қўшилган. У Навас, Доннарумма ва Серхио Рикодан кейин тўртинчи дарвозабон мақомига эга.

Кўриниб турибдики, ПСЖ қатъий қоидаларга қарамай, Лига 1 низомини Мессидан истисно қилишга муваффақ бўлди (Летельер розилиги билан, албатта). 

Маълумот ўрнида, Лионель Месси ПСЖ билан 2+1 кўринишида шартнома имзолаган ва йилига бонуслар билан қўшиб ҳисоблаганда 50 миллион евро маош олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Барселона Лионель Месси ПСЖ Жанлуижи Доннарумма Раыамлар жанги

Баҳолаганлар

1298

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг