Паралимпиячиларни Токиога кузатиш маросимидан фоторепортаж

Спорт

para 10

Бугун, 20 август куни Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасида спортчиларни Токио Паралимпиадасига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, шунингдек, спортчилар ва уларнинг ота-оналари ҳамда мураббийлар иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов паралимпиячилар ҳам олимпиада совриндорлари сингари тақдирланишини таъкидлаб, уларга омад ва зафарлар тилади:

“Токио-2020 Олимпиадасида Ўзбекистон номидан муносиб қатнашган спортчиларимизни тақдирладик. Бу паралимпиячиларни ҳам руҳлантириши керак. Чунки Токио-2020 Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик совриндорларга қандай совғалар топширилган бўлса, паралимпиячиларга ҳам худди шундай совринлар берилади. 6 сентябр куни юртимизга қайтганингизда, кўплаб совриндорларга мукофот бериш бахти бизга насиб қилсин. Аъло мамлакатнинг аъло фарзанди, билиб қўйки, сени Ватан кутади!” 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Сенати Раиси, Ўзбекистон велоспорт федерацияси президенти Танзила Норбоева Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик қизларнинг иштирокини алоҳида таъкидлади.

“Ўзбекистон номини жаҳонга танитишда спортчиларнинг ўрни катта. Ўзбекистон делегацияси ХVI Паралимпия ўйинларига 55 та лицензияни қўлга киритган бўлса, шулардан 21 нафарини қизлар ташкил этиши бизни қувонтиради. Паралимпиячиларимиз спортнинг 8 тури бўйича Токиодаги мусобақаларда иштирок этади. Сизларнинг ҳар бир иштирокингизни қалбимиз билан ҳис қиламиз, мухлислик қиламиз. Ҳар бирингизга муваффақият тилаймиз”, дейди Танзила Норбоева.

Пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Муҳаммад Рехсимов ҳамда Нурхон Қурбонова Паралимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон спорт делегациясининг байроқдорлари сифатида иштирок этиши маълум қилинди.

Паралимпиячилар номидан сўзга чиққан Муҳаммад Рехсимов ва Шахноза Мирзаева Паралимпия ҳаракатига қаратаётган юксак эътибори учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигини изҳор қилиб, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига юқори натижалар билан ўз ҳиссаларини қўшмоқчи эканлигини айтиб ўтди.

Маълумот учун, Рио-2016 Паралимпия ўйинларида иштирок этган 32 нафар ўзбекистонлик спортчи 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 15-ўринни қўлга киритган эди. 

Токио Паралимпиадаси жорий йилнинг 24 августидан 5 сентябрига қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Абдулла Арипов Азиз Абдуҳакимов Токио-2020 Паралимпия ўйинлари Пара спорт

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг