Пандемияга қарши курашга йўналтирилган пулларнинг сарфланиши бўйича текширув бошланди

Жамият

image

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва уни олдини олишга йўналтирилган пул маблағларининг сарфланиши бўйича текширув бошлади. Бу ҳақда агентликнинг Telegram’даги каналида хабар берилди. 

Хабарда таъкидланишича, Андижон, Наманган, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва бошқа ҳудудларда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан катта миқдордаги пул маблағлари ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланган. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига фуқаролардан ушбу масала юзасидан тегишли чоралар кўриш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Айрим мансабдорлар томонидан бундай ҳатти-ҳаракатларнинг, айниқса, пандемия муносабати билан юзага келган мураккаб даврда амалга оширилиши аҳолининг кескин эътирози ва норозилигига сабаб бўлган. 

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармоннинг 2-банди талаблари доирасида Агентлик кенг қамровли ўрганишлар бошланганлигини маълум қилмоқда. 

“Қайд қилинган фармоннинг 3-бандига асосан, коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини таҳлил қилиш Агентликнинг бевосита вазифаси ҳисобланади. Таҳлил натижалари жамоатчилик эътиборига етказилади”, дейилади расмий хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти томонидан Ўзбекистон “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат жамғармаси фаолияти юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувнинг дастлабки натижалари ҳақида ахборот берилди.

Унга кўра, масъуллар ўзаро олдиндан тил бириктириб, дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини қиммат нархларда сотиб олиб, жамғарманинг 2,8 млрд сўм маблағларини талон-торож қилгани аниқланган. Жиноят иши бўйича тўлақонли тафтиш тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг