Пандемия Ўзбекистондаги кўчмас мулк ва автомобиль бозорига қандай таъсир кўрсатди? 

Жамият 3207
image

Коронавирус пандемияси глобал кўчмас мулк ва автомобиль бозорларига сезиларли таъсир кўрсатди, дунёнинг барча мамлакатлари унинг оқибатларини ҳис қилди, шунингдек, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари коронавирус пандемиясининг кўчмас мулк ва автомобиль бозорларига таъсирини таҳлил қилди. 

Кўчмас мулк бозори 

Коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ карантин чекловлари жорий этилишидан олдин Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида талаб ҳар ой ўртача 6-7 фоизга ошган. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги кўчмас мулк бозорларида сотиш умумий бозор ҳажмининг 40-45 фоизини ташкил этади. 

Ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб локдаун жорий этилган, бу эса кўчмас мулкка бўлган талабнинг 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 87,1 фоизга (Тошкент шаҳрида 94,2 фоизга ва Тошкент вилоятида 89,8 фоизга) камайишига олиб келган. 

Май-июнь ойларида мамлакатда кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш бўйича тугалланган шартномалар сони мос равишда 25,9 ва 135,2 фоизга кўтарилган.

Қисқа вақт ичида сотувлар ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши, бир томондан, май ойидан бошлаб карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиш билан, иккинчи томондан доимий рўйхатдан ўтиш тартибини соддалаштириш билан изоҳланади.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 апрелдаги ПФ-5984-сонли “Доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш жойида рўйхатдан ўтиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони қабул қилиниши билан 2019 йил мос даврига нисбатан кўчмас мулкни сотиш ва сотиб олиш бўйича тузилган шартномалар сонининг ўсиши Тошкент шаҳрида 148,7 фоизга ва Тошкент вилоятида 26,5 фоизга, июнь ойида 257,5 фоизга ва 190,7 фоизга етган.

Қизиғи шундаки, ўша даврда кўчмас мулк савдосининг ўсиши деярли Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги уйларнинг нархларига таъсир кўрсатмаган. 

2020 йил сентябрга келиб, кўчмас мулк бозоридаги талаб узоқ муддатли тенденцияга қайтган. Хусусан, сентябрь ойида кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш сони ўтган ойга нисбатан 24,2 фоизга (2019 йилнинг шу даврига нисбатан 41,7 фоизга), октябрь ойида 1,7 фоизга (24,8 фоизга), ноябрь ойида -0,5 фоизга (22,9 фоизга) ва декабрда  20,9 фоизга (-17,1 фоизга) ўсган. 

Автомобиль бозори 

Одатда, Республикадаги бирламчи ва иккиламчи бозорларда автоуловлар савдосининг ойлик ўсиши ўртача 2-3 фоизни ташкил қилади. 

2020 йил март ойининг ўрталаридан бошлаб қатъий карантин чораларини жорий этиш натижасида рўйхатдан ўтган ва қайта рўйхатдан ўтган автоуловлар сони март ойида 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 фоизга (ўтган ойга нисбатан 34,6 фоизга) ва апрелда 73,8 фоизга (63,1 фоизга) камайган. 

Май ойидан бошлаб автомобиль бозоридаги вазият яна тиклана бошлаган. Хусусан, июнь ойида автомобиллар савдоси 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 фоизга ўсган. Бироқ, 10 июлдан 15 августгача карантин чораларини қайта жорий этиш натижасида июль ойида автоуловлар бозоридаги фаоллик май-июнь ойларига нисбатан бир оз пасайган. 

Хусусан, ушбу ойда сотилган рўйхатдан ўтган транспорт воситаларининг сони 2019 йил июль ойига нисбатан 20,2 фоизга камайган. Бироқ август ойида автомобиллар савдоси 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 3,8 фоизга ўсган (ўтган ойга нисбатан 54,3 фоизга). 

Сентябрь-октябрь ойларида автомобиль бозоридаги талаб ҳам ўсишда давом этган. Сентябрь ойида савдолар ойига нисбатан 0,5 фоизга ўсган (2019 йил сентябрга нисбатан 29,5 фоизга ўсган). Октябрь ойида ўсиш сентябрга нисбатан 2 фоизни ташкил этган (2019 йил октябрига нисбатан 19,2 фоиз). 

Ноябрь-декабрь ойларида ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан бироз пасайган (мос равишда 1,7 фоизва 1,9 фоизга). Бироқ, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан сотувлар ноябрь ойида 9 фоизга, декабрда 10 фоизга ошган.

Умуман олганда, ўтган йилда автомобиллар савдоси 2019 йилга нисбатан 2,5 фоизга камайган. Бу март, апрель ва июль ойларида автоуловлар савдосининг кескин пасайиши билан боғлиқ. Шунга қарамай, 2020 йил августга қадар кўчмас мулк бозори ва автомобил бозоридаги вазият узоқ муддатли тенденциясига қайтган, бу аҳоли талабининг тикланишидан далолат беради.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3.3
t
×