Пандемия бойлар ва камбағалларга қандай таъсир қилди? 

Олам

image

COVID-19 пандемияси даврида сайёрадаги энг бадавлат ўн кишининг умумий бойлиги икки бараварга — 700 миллиард доллардан 1,5 триллион долларгача ўсди. Бу ҳақда “Oxfam” нотижорат ташкилоти ҳисоботида айтилган.  

“Forbes” маълумотларига кўра, дунёдаги энг бой ўн киши рўйхатига қуйидагилар киради: 

1. Илон Маск (АҚШ) — 268,1 миллиард доллар; 

2. Жефф Безос (АҚШ) — 188 миллиард доллар; 

3. Бернард Арно ва унинг оиласи (Франция) — 187,5 миллиард доллар; 

4. Билл Гейтс (АҚШ) — 134,5 миллиард доллар; 

5. Ларри Эллисон (АҚШ) — 120,1 миллиард доллар; 

6. Ларри Пейж (АҚШ) — 119,4 миллиард доллар; 

7. Марк Цукерберг (АҚШ) — 117,5 миллиард доллар; 

8. Уоррен Баффетт (АҚШ) — 116,9 миллиард доллар; 

9. Сергей Брин (АҚШ) — 115,1 миллиард доллар; 

10. Стив Балмер (АҚШ) — 98,5 миллиард доллар. 

“Тенгсизлик ҳалокатли” ҳисоботида экспертлар 2020 йил мартидан 2021 йил ноябригача бўлган даврни ўрганиб чиққан.

“Oxfam International” ижрочи директори Габриэла Бухернинг сўзларига кўра, ҳозирда 10 нафар энг бой одам энг камбағал 3,1 миллиард одамдан олти баробар кўп бойликка эга.

Ташкилот ҳисоботида айтилишича, агар улар кунига 1 миллион доллар сарфласа, энг бой одамларга бойликларини сарфлаш учун 414 йил керак бўлади. Шу билан бирга, пандемия даврида сайёра аҳолисининг 99 фоизининг даромади камайган. 160 миллиондан ортиқ одам қашшоқлик чегарасига келган.

Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда миллиардерларнинг бойлиги пандемия бошланганидан бери 642 миллиард еврога (+46 фоиз) ошган. Ҳозирда Ғарбий Европанинг 107 нафар энг бадавлат одами 179 миллион фуқародан кўпроқ бойликка эгалик қилади.

“Бундай суръат ва миқёсдаги тенгсизлик тасодифий эмас, ихтиёрийдир”, деган Бухер.

Экспертлар вазиятни ўзгартириш учун энг бой одамлар ва энг даромадли компанияларнинг капиталига катта солиқ солишни, ушбу маблағларни соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимояга инвестиция қилишни, ишчиларни ҳимоя қилиш учун қатъий ҳуқуқий стандартларни ўрнатишни ва бошқаларни таклиф қилмоқда.

Маълумот ўрнида, “Oxfam” ҳисоб-китоблари 2021 йилги “Forbes” миллиардерлар рейтинги, шунингдек, Credit Suisse ва Жаҳон банки маълумотларига асосланади.


Мақола муаллифи

Теглар

пандемия бой камбағал

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг