Миллий палата ССВга мухолиф бўлиши мақсад қилинмаган – вазирлик Президент қарорини бузмаганини айтмоқда
Жамият
−
07 Август 2020
9077Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар”нинг 6-версиясини тасдиқлашдан аввал палата экспертизасидан ўтказмагани ҳақида огоҳлантиргани хабар берган эдик.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Юридик бўлим бошлиғи Руслан Муҳаммадиев Миллий палата огоҳлантиришига жавоб берди ва унда келтирилган важларга раддия берди.
“Ҳақиқатан ҳам Президентнинг 2018 йил августдаги “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соғлиқни сақлаш масалаларига оид ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Миллий палатада экспертизадан ўтказилиши шартлиги белгиланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу тартибга оғишмай амал қилган ҳолда, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Миллий палатага экспертиза учун белгиланган тартибда юбориб келган”, дейди юрист.
Вазирлик масъули Миллий палата норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан идоравий ҳужжатни ажрата олмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, вақтинчалик қўлланма норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди ва шунинг учун ҳам Миллий палата экспертизасидан ўтказилмаган.
“Юқорида кўрсатиб ўтилган “COVID-19”га чалинган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар”нинг олтинчи нашри эса, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди ва шунинг учун ҳам экспертиза учун Миллий палатага жўнатилмаган.
Миллий палата масъул ходимларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан идоравий ҳужжатнинг фарқига бормаганлиги оқибатида эса интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда бугунги кунда кечаю-кундуз коронавирус балосига қарши кураш билан банд бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳақида ўринсиз ва асоссиз хабарлар тарқалмоқда”, дейди Руслан Муҳаммадиев.
У ўз ўрнида Миллий палата раҳбариятининг эътиборини иккита муҳим масалага қаратган.
Биринчидан, Президентнинг юқоридаги қарори 2-бандида миллий палата замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар ишлаб чиқишни ташкил этиши кераклиги белгиланган.
Бу Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча даволаш протоколлари ва стандартларини албатта Миллий палата билан келишиши шарт деган маънони англатмайди. Аксинча, Миллий палата Ўзбекистон халқи учун лозим деб ҳисоблаган ҳар қандай замонавий ва инновацион протокол ва стандартлар ишлаб чиқилишини (тегишли мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этган ҳолда) ташкил этиши ва уни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлашига эришиши шарт.
Иккинчидан, Миллий палата илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш мақсадида ташкил этилган. Палатани ташкил этишда у Соғлиқни сақлаш вазирлигига мухолиф позицияда туриб иш олиб бориши кераклиги мақсад қилиб қўйилмаган.
Ҳуқуқшуноснинг таъкидлашича, тан олмасликнинг умуман иложи бўлмаган битта аниқ ҳолат бор. Миллий палата олдига қўйилган вазифаларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликни йўлга қўймасдан уддалаши умуман мумкин эмас.
“Лекин Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси ташкил этилганидан буён ўтган икки йилдан ортиқ вақт мобайнида унинг фаолиятида бундай ҳамкорликка интилиш умуман сезилгани йўқ”, дейди у.
Билдирилишича, “COVID-19 га чалинган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар”нинг олтинчи версияси дунё тажрибаси ва маҳаллий мутахассисларнинг коронавирусга қарши кураш борасида тўплаган хулоса ва амалий тажрибалари асосида шакллантирилган. Уни тайёрлашда мамлакат тиббиётида амалий тажрибага эга бўлган энг етук ва нуфузли олим ва шифокорлар, жумладан, пульмонолог, инфекционист, анестезиолог-реаниматолог, кардиолог, эндокринолог каби қатор мутахассислар қатнашишган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь