ССВ коронавирусни даволашда ўзбилармонлик қилган, 6-қўлланма Президент қарорига зид ишлаб чиқилган
Жамият
−
06 Август 2020
16353Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йилнинг 3 август куни Ахборот ва оммайик коммуникациялар агентлигида брифингда ташкил этиб, Коронавирус билан касалланган беморларни аниқлаш ва даволаш бўйича 6-қўлланма тақдимотини ўтказган эди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси жорий йилнинг 31 июль куни тасдиқланган ушбу қўлланма тегишли тартибда палата экспертизасидан ўтказилмаганини маълум қилди.
Мазкур қўлланма тақдимотида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари Анвар Алимов ва Ҳабибулло Оқилов иштирок этишган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 8-бандида соғлиқни сақлаш масалаларига оид ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатасида экспертизадан ўтказилиши шарт экани белгиланган.
Бундан ташқари, шу қарорнинг 2-бандига мувофиқ замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар, шунингдек, моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида жорий этилишини мониторинг қилиш Палатанинг асосий вазифалари этиб белгиланган.
Палатанинг огоҳантиришидан шу маълум бўлдики, ССВ Президент қарорида белгиланган мажбуриятни бажармаган.
Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларни даволаш бўйича қўлланма атрофида Гидроксихлорохин препарати ёки шу препат билан ишлаб чиқарилган Плаквенил дориси сабаб мунозаралар кун сайин авж олмоқда. Гап шундаки, 13 июнда тасдиқланган 5-қўлланмада Гидроксихлорохин ёки Плаквенил дориси даволаш протоколидан чиқариб ташланган эди. 31 июль куни тасдиқланган янги қўлланмага эса ушбу дори қайта киритилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва қатор давлатлар бу препарат коронавирусга қарши самарасиз экани, ҳатто, ўлим хавфини ошириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш билан чиққан эди. Бу ўз навбатида одамлар орасида баҳсларга сабаб бўлди. Ушбу дорининг коронавирус билан оғриган беморларга фойдаси йўқлиги ҳақида мутахассислар Азиза Хўжаева ва Клара Ёдгорова мурожаат билан чиқишган эди. Ҳатто, Ёдгорова ушбу дорини протоколдан чиқариб юборишга урингани учун таҳдидларга учраганини маълум қилганди.
Миллий палатанинг маълум қилишича, 6-қўлланмани ишлаб чиқишда расман Президент қарори бузилган. Хўш, воқеалар ривожи қандай кечаркин? Гап шунчаки қоғозлар ҳақида эмас, минглаб одамларнинг ҳаёти ҳақида боряпти. ССВнинг бу ўзбилармонлигига ҳуқуқ-тартибот органлари панжа ортидан қарамайди, деб умид қиламиз.