“Пахтакор” Жиддада “Ал-Иттиҳод”га мағлуб бўлди
Спорт
−
2412 1 дақиқа
Кеча, 23 ноябрь куни Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси ОФК Элит Чемпионлар лигаси бешинчи тури доирасида ўз учрашувини ўтказди. Унда “шерлар” сафарда Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клубига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Мезбонлар ҳар икки бўлим бошида гол уришга муваффақ бўлди. Учрашувнинг 7-дақиқасида Марвон Ал-Саҳафий тўпни Муҳаннад Ал-Шанқитийга узатди. У эса узоқ бурчакни аниқ нишонга олиб, ҳисобни очди.
Иккинчи бўлим аввалида, 47-дақиқага келиб эса Мухтор Али узоқ масофадан зарба йўллади. Тўп дарвоза устунига тегиб қайтди ва Жорж Иленихена вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни 2:0 га етказди.
Бу “Пахтакор”нинг турнирдаги кетма-кет учинчи мағлубияти бўлди. Жиддага сафаридан олдин тошкентликлар Ироқнинг “Ал-Қува” (0:1) ҳамда Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” (2:6) жамоаларига имкониятни бой берган эди.
Бешта учрашувдан сўнг “Пахтакор” икки очко билан Ғарбий минтақа турнир жадвалида 15-ўринни эгаллаб турибди. Навбатдаги учрашувда “шерлар” жорий йилнинг 7 декабрь куни тошкентликлар Чемпионлар лигасининг олтинчи турида Эроннинг “Трактор” жамоасини қабул қилади.
Live
Барчаси