Бугун Ўзбекистон клублари Саудия жамоаларига қарши ўйнайди
Спорт
−
1717 2 дақиқа
Бугун, 23 ноябрь куни Элит Осиё чемпионлар лигаси баҳсларининг 5-турига старт берилади. Унда Ўзбекистоннинг “Нефтчи” ва “Пахтакор” жамоалари Саудия Арабистонининг кучли клубларига қарши баҳс олиб боради.
Фарғоналиклар ўз майдонида “Ал Ҳилол”ни қабул қилади. Учрашув соат 18:45 да бошланади.
“Бизни, шубҳасиз, мураккаб баҳс кутиб турибди. “Ал Ҳилол” – Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири. Рақиб таркиби, футболчиларининг индивидуал маҳорати ҳамда жамоанинг қўлга киритган ютуқлари хусусида ортиқча тўхталишга ҳожат йўқ.
Бироқ биз ҳам мазкур мусобақада шунчаки қатнашмаяпмиз. “Нефтчи” ўз олдига аниқ мақсадлар қўйган, ўзига хос характер ва юксак амбицияларга эга жамоа. Бугун шогирдларимдан майдонда жасорат намойиш этиб, сўнгги дақиқаларгача курашишларини ҳамда фарғоналик мухлисларни хушнуд этишларини кутаман. Бунинг учун жамоамизнинг салоҳияти етарли”, дейди “Нефтчи” бош мураббийи Ислом Исмоилов ўйин олди матбуот анжуманида.
Шунингдек, бугун, 23 ноябрь куни Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси ҳам Элит Осиё чемпионлар лигасининг 5-тури доирасида сафарда “Ал Иттиҳод”га қарши майдонга тушади. Жиддада бўлиб ўтадиган учрашув Тошкент вақти билан соат 23:15 га белгиланган.
“Жиддага қайтишдан хурсандмиз. Рақибимиз жуда кучли жамоа. Унинг таркибида индивидуал жиҳатдан маҳоратли футболчилар жамланган. Жамоавий ўйини ҳам шаклланган. Ҳужумкор футбол кўрсатишга интиладиган, олдинга боришни ёқтирадиган жамоа. Таркибимизда бир нечта йўқотишлар бор. Шунга қарамай, жамоавий жипслашган ҳолда бор кучимиз билан қаршилик кўрсатишга уринамиз. Сафимиздаги ёш футболчилар учун бу жиддий синовга айланади. Улар нималар устида ишлаш кераклигини билиб олишади. Рақибга бўш ҳудуд қолдирмасликка ҳаракат қиламиз”, дейди “Пахтакор”нинг халқаро майдонлардаги мураббийи Эмилиан Карас.
Маълумот учун, ортда қолган тўрт турдан сўнг Ислом Исмоилов бошчилигидаги “Нефтчи” бир ғалаба, бир дуранг ва икки мағлубият қайд этиб, 4 очко билан турнир жадвалининг 9-поғонасини эгаллаб турибди.
“Пахтакор” эса 2 очко билан 14-ўринда бормоқда. Унинг бугунги рақиби “Ал Иттиҳод” 4 очко билан 10-ўринни эгаллаган. Саудиянинг “Ал Ҳилол” клуби 9 очко билан иккинчи ўринда жойлашган. 12 очко тўплаган “Ал-Айн” эса мусобақа пешқадами бўлиб турибди.
Live
Барчаси