“Пахтакор” “свет” ўчган МО дербисида “Қайрат”ни енгди (видео)
Спорт
−
19 Июль 2023
9026Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўқув-машғулот йиғинлари ўтказаётгани ҳақида хабар берган эдик. “Шерлар” бугун, 19 июль куни йиғин доирасида ўтказилган ўртоқлик учрашувида маҳаллий “Қайрат” клубини қийинчилик билан мағлубиятга учратди.
Ўйин Олмаотадаги “Марказий” стадионида Тошкент вақти билан соат 19:00 да старт олди. Биринчи бўлим ҳар икки жамоанинг ҳужумлари билан ўтди. “Пахтакор” таркибида Достон Ҳамдамов икки марта қулай вазиятга эга бўлди. “Қайрат” футболчилари ҳам бир бор Санжар Қувватов дарвозаси олдида хавфли ҳужумни юзага келтирди. Сўнгги паллада Сардор Собирхўжаев тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Дастлабки 45 дақиқаликда бошқа яққол голга тортувчи вазият юзага келмади ва шу тариқа жамоалар танаффусга чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим “шерлар”нинг тезкор ҳужумлари билан бошланди. Бу орада “Қайрат” бош мураббийи тайм бошидан 7 та ўзгаришни амалга оширди. 65-дақиқада стадион прожекторларида муаммо юзага келиб, чироқ ўчиб қолди. Бир неча дақиқадан сўнг носозлик бартараф этилди. Бўлим охирларида қозоқ клубининг тўпурари Жоао Пауло бир неча бор хавфли ҳужумлар ташкил этди. 88-дақиқада “Пахтакор” ҳимоячиси Фаррух Сайфиевнинг бош билан йўллаган зарбасини “Қайрат” посбони қийинчилик билан қайтарди. Ҳакам томонидан ўйиннинг асосий вақтига 7 дақиқа қўшиб берилди. 90+2-дақиқада “Пахтакор”нинг польшалик ҳужумчиси Павел Банашак қарши ҳужумдан сўнг ташкил этилган чиройли комбинацияни гол билан якунлаб, жамоасининг ғалабасини таъминлади. Шу тариқа Тошкент клуби дерби мақомида ўтган ўртоқлик ўйинида зафар қучди.
Маълумот учун икки жамоа шу пайтгача ўзаро 61 марта тўқнаш келган бўлиб, 21 та учрашувда “Пахтакор”, 26 та баҳсда эса “Қайрат” ғолиб бўлган, 14 та учрашув дуранг билан тугаган. “Шерлар” рақиб дарвозасига 71 та тўп киритган ҳолда 81 та ўтказиб юборган.
LiveБарчаси