“Пахтакор” сотувга қўйилди
Спорт
−
17 Январь
21278“Пахтакор футбол клуби” масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоиз давлат улуши савдога чиқарилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.
Клубни сотиб олувчи харидор кейинчалик қуйидаги талабларга риоя қилиши керак бўлади:
- футбол клубининг фаолиятини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва халқаро даражага олиб чиқиш;
- футбол клуби балансидаги барча спорт объектларидан, шу жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиш;
- “Пахтакор” футбол клуби академияси фаолиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш.
Активни сотиш икки босқичда ўтказилади:
Биринчи босқичда талабгорлар олдиндан малакаланади (сараланади), жумладан, савдоларда қатнашиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, закалат пули келиб тушгани, давлат активидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга нисбатан талабгор томонидан таклиф этилган бизнес концепцияси лойиҳасининг мақбул ёки мақбул эмаслиги, талабгор ва улар билан боғлиқ бўлган шахслардан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек, йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмагани, шунингдек, келажакда бундай рўйхатларга кириш эҳтимолининг пастлиги кўриб чиқилади.
Иккинчи босқичда талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати), закалат пули миқдори (нарх таклифининг камида 5 фоизини ташкил этиши) ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади.
Актив ҳақида маълумот
“Пахтакор” Ўзбекистонда 1956 йилдан буён фаолият юритиб келаётган профессионал футбол клуби ҳисобланади. Жамиятнинг юридик манзили: Тошкент шаҳри Ислом Каримов кўчаси 98А-уй. Актив эгаллаган майдон 24,1 гектарни ташкил этади. Қурилиш ости майдони: 83 минг 332,73 метр квадрат (8,3 гектар), фойдали майдони эса 24 минг 262,57 метр квадрат (2,4 гектар). Актив ҳозирда “Муниципал активларни бошқариш маркази” давлат унитар корхонаси балансида ҳисобланади.
Алоҳида шартлар
Клубни хусусийлаштириш учун футбол клуби фаолиятини ривожлантириш ва халқаро амалиётни жорий этиш юзасидан энг мақбул стратегия лойиҳаси танлаб олинади. Актив бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганда дастлабки тўлов суммаси 35 фоиздан кам бўлган ҳолларда қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланади.
Активни сотиб олиш бўйича биринчи босқичда битта таклиф келиб тушган ҳолларда, савдолар ўтказилмаган деб эътироф этилади. Талабгор давлат активини сотиб олиш тўловини бир ойдан кўп муддатларда амалга оширишни таклиф этганда, унинг нарх таклифи ушбу муддатларни инобатга олган ҳолда, белгиланган тартибда жорий қийматга келтириб баҳоланади.
Савдо якунлари бўйича савдо ғолиби билан Давактив агентлиги томонидан хабарнома юборилгандан кейин белгиланган тартибда олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади (форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно) ва савдоларга қатнашиш учун тўланган закалат пули давлат активи харид тўловининг бир қисми сифатида қабул қилинади.
Актив савдолари якунлари бўйича ғолиб томонидан тўланадиган харид қийматига чегирма қўлланмайди. Савдолар якунлари бўйича савдо ғолиби томонидан олди-сотди шартномасини тузиш рад этилса ёки ундан воз кечилса, у томонидан тўланган закалат пули миқдори қайтарилмайди.
Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссияси ёки ишчи орган ўз хоҳишига кўра ҳеч қандай мажбуриятни ўз зиммасига олмаган ҳолда, ҳар қандай вақтда савдони тўхтатиши ҳамда савдо жараёнида талабгорлардан қўшимча ва/ёки аниқлаштирувчи маълумотлар сўраши мумкин.
Клубларнинг хусусийлаштирилиши
Клуб хусусийлаштирилиши президентнинг 2023 йил 24 мартдаги қарорига асосан юз бермоқда. Мазкур қарорда, шунингдек, “Бухоро”, “Насаф”, “Машъал”, “Локомотив”, “Олмалиқ”, “Металлург”, “Бунёдкор”, “Шўртан”, “Навбаҳор лочинлари”, “Динамо плюс” футбол клублари ҳам хусусийлаштирилиши белгиланган.
Шунингдек, Давактив Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан футбол клубларининг бир давлат ташкилоти тасарруфида бўлиши соғлом рақобат муҳитини яратишга тўсқинлик қилиши билдирилганини қайд этган. Бугунги кунда футбол клублари давлат ташкилотлари ва давлат иштирокидаги корхоналар тасарруфида қолиб, умумий бенефициар давлат бўлиб қолмоқда. Бу ҳолат халқаро принципларга мувофиқ ҳисобланмайди. Шунга кўра, дастлаб жозибадорлиги юқори бўлган футбол клубларини хусусийлаштирган ҳолда хусусий секторнинг улушини босқичма-босқич ошириш режалаштирилган.