“Пахтакор” эртага Қатарда “Ал Гарафа” меҳмони бўлади
Спорт
−
03 Февраль 4406 2 дақиқа
Эртага, 4 февраль куни “Пахтакор” Қатарда “Ал-Гарафа”га қарши Элит Чемпионлар Лигаси 7-тур ўйинида майдонга тушади. Эътиборингизга ушбу жамоалар ўртасидаги ўйин олдидан превьюни тақдим этамиз.
Ўзаро учрашувлар тарихи

“Пахтакор” ушбу рақиб билан барча ўйинларни Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида ўтказган. Дастлаб, 2002 йил учинчи саралаш раундида Доҳада 4:3 ҳисобида мағлуб бўлган “шерлар” Тошкентда рақибни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган. 2008 йил гуруҳ босқичида эса сафарда 2:2 натижаси қайд этилган. Тошкентдаги ўйинда “Пахтакор” яна рақибдан кучлироқ эканини исботлаган - 2:0. 2010 йил нимчорак финалда “Ал-Гарафа” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. 2018 йилги плей-оффда ҳам ўз уйида қатарликлар 2:1 ҳисобида зафар қучган. Ҳозирча ўзаро тўқнашувларда “Пахтакор”да 2 ғалаба, 1 дуранг ҳамда 3 мағлубият бор. Тўплар нисбати 11-9.
“Шерлар”нинг Қатар клубларига қарши статистикаси

“Пахтакор” Қатарнинг 6 клубига қарши жами 19 учрашувда майдонга тушган. “Ал-Гарафа” билан энг кўп дуч келган – 6 бор. “Ал-Садд” ва “Ал-Духайл” билан тўрт мартадан, “Қатар СК” ва “Ал-Араби” билан иккитадан, “Ал-Райян” билан бир учрашув ўтказилган. Бу ўйинларда 5 ғалаба, 5 дуранг ва 9 мағлубият кузатилган. Тўплар нисбати умумий 26-30 кўринишини олган.
Жамоаларнинг бу мавсум ОЧЛ Элит лигасида қайд этган натижалари ва ўрни

“Пахтакор” жорий мавсум Элит лигада 6 турда 4 дуранг ва 2 мағлубият қайд этиб, 4 очко жамғарган ҳолда 9-ўринни банд этган. “Шерлар” ушбу мавсумда ғалаба нималигини билмай келмоқда. “Ал-Гарафа” 6 турдан кейин 1 ғалаба, 1 дуранг ва 4 мағлубият қайд этиб, 4 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 10-ўринда келмоқда. Икки жамоа ҳам нимчорак финалга йўлланма берувчи кучли 8 таликка кириш учун имкониятни сақлаб қолган. Шу ўйиндаги ғалаба у ёки бу жамоанинг кейинги босқичга йўл олиши учун етарли бўлиши мумкин.
Маълумот ўрнида, “Ал-Гарафа” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги ўйин 4 февраль куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.
Live
Барчаси