Ozon акциялари дронлар ҳужуми сабаб кескин пасайиб кетди

Олам

image

Бугун, 24 август куни Москва биржасида Ozon акциялари 29,09 фоизга арзонлаб, 2 112,5 рублгача тушди. Кескин пасайиш фонида биржа Ozon акциялари бўйича дискрет аукционни ишга туширди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Маълум қилинишича, бунга маркетплейснинг Россиядаги логистика марказларига дронлар ҳужум қилгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган. Ozon акцияларининг нархи аввалги савдо кунидаги ёпилиш нархи – 2 968 рублдан 10 дақиқа давомида 20 фоиздан кўпроққа пасайган. Шу сабабли, Москва биржаси одатий савдолар ўрнига дискрет аукцион механизмини қўллаган. Аукцион Москва вақти билан 10:22 дан 10:52 гача давом этган.

Маълумот учун, дискрет аукцион бозор нархидаги кескин ўзгаришларни юмшатиш учун қўлланадиган механизм ҳисобланади. Бунда биржа савдо иштирокчиларидан акцияларни сотиб олиш ва сотиш бўйича буюртмаларни йиғади. Механизм акция нархи аввалги савдо кунидаги ёпилиш нархидан беш дақиқа давомида 20 фоиздан кўпроққа ўзгарганда ишга туширилади. Аукцион якунлангач, акциялар билан савдолар одатий тартибда давом эттирилади.

“БКС Мир Инвестиций“ таҳлилчилари Ozon акцияларига нисбатан ижобий фикр билдирган. Уларнинг баҳолашича, компанияга етказилган зарар Wildberries’га қилинган ҳужум оқибатларидан катта бўлмайди ва бундай ташқи таъсирлар келгусида такрорланмаслиги мумкин.

Мутахассислар Ozon рақобатчиларига нисбатан молиявий зарарни юмшата олганини қайд этган. Бунга компаниянинг омбор биноларини девелопер компаниялардан ижарага олиши сабаб бўлган. Яъни, мулкка оид хавф бино эгаси ва суғурта компанияси ўртасида тақсимланган. Бундан ташқари, айрим қимматбаҳо маҳсулотлар ҳужумлардан олдин буюртмаларни топшириш пунктларига олиб чиқилган.

Таҳлилчиларга кўра, шикастланган омборлар фаолиятини бошқа объектларга тақсимлаш имконияти мавжуд. Бироқ бу етказиб бериш муддатларининг узайиши ва логистика харажатларининг ошишига олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, ҳозирги вазият Ozon акцияларининг қийматини қайта баҳолаш учун асос яратмоқда. Бунда компанияга етказилган зарарнинг аниқ кўлами ва логистика марказларини тиклаш муддати асосий омил бўлади. Таҳлилчилар учинчи чорак молиявий натижаларига таъсир ҳозирча ўртача даражада бўлишини кутмоқда. Эҳтиёткор инвесторлар эса вазият ойдинлашгунча кутиш позициясини эгаллаши маъқул эканини билдирган.

Ozon’нинг асосий акциядори бўлган “Система“ холдинги учун эса асосий хавф маркетплейс дивиденд тўловларини вақтинча тўхтатиши мумкинлигидир. Бу холдингнинг пул оқимларига қўшимча босим яратиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 август кунига ўтар кечаси Украина Самара вилоятидаги Ozon’нинг логистика мажмуасига зарба берган эди. Шунингдек, бугун, 24 августга ўтар кечаси Ozon’нинг Краснодар ва Махачқалъадаги логистика марказлари ҳам дронлар ҳужумига учраган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг