Озодбек Назарбеков Тўти Юсуповани йўқлади (видео)

Маданият-санъат 75154
image
-

Бугун, 29 июнь куни Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва бир қанча санъаткорлар Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек миллий академик драма театри онахон актрисаси Тўтихоним Юсупованинг ҳолидан хабар олди.

“Ҳамиша эл ардоғида бўлган Тўти ая билан суҳбатлашдик. Устоз санъаткор ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган миш-мишлар асоссиз, севимли онахон актрисамиз шогирдлари эъзозида. Устозларини ўз оналаридек парваришлаётган шогирдларининг меҳрибонлиги Тўти аянинг  театрдаги бир неча йиллар давомидаги устозлик заҳматларининг самарасидир. 

Муборак 85ёшни қарши олган  онахон актриса билан суҳбатимиз давомида театр саҳнаси, тасвирга олиш жараёнларидаги қизиқ 
воқеаларни тингладик.

Таъкидлаш керакки, театр саҳнасида 65 йил давомида турли образдаги бетакрор сиймоларни жонлантирган актриса бир неча кинофильмлар, телесериалларда ҳам ўз ижодий "муҳри"ни қўя олган саноқли санъаткорлардан биридир”, дейди вазир Назарбеков.

Вазир Тўти Юсупованинг “Келинлар қўзғолони” спектаклидаги Сотти образи бугунги авлод томонидан ҳам севиб кўрилишини ёдга олган. 

“Биргина, "Абдуллажон" кинофильмдаги образи ҳам Тўти Юсупова сиймосида ўзбек аёлини дунёга танитди. 

Бу каби мисолларни юзлаб келтиришимиз мумкин. Онахон санъаткоримиз билан кечган самимий суҳбатимиз тугашини истамасакда, вақт ўз ҳукмини айтди.

Тўти аяга соғлик-омонлик, яна бир неча йиллар, эл ардоғида бўлиб юришини тилаб хайрлашдик”, дея сўзини якунлаган Озодбек Назарбеков.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Тўти Юсупова вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо кейинроқ Маданият вазиирлиги бу хабарларни рад этди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1573
Рейтинг: 3.1
t
×