Озарбайжоннинг бойишига ҳисса қўшган олим вафот этди
Олам
−
04 Октябрь 2023
10121Озарбайжон Давлат нефть компанияси (SOCAR) биринчи вице-президенти Хушбахт Юсуфзода 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Trend” агентлиги хабар берди.
“Хушбахт Юсуфзода 94 ёшида Бакуда вафот этди”, деб ёзди нашр Юсифзодага яқин манбаларга таяниб.
Хушбахт Юсуфзода 2004 йилдан бери SOCAR’нинг биринчи вице-президенти лавозимида ишлаб келаётган эди. Атоқли геолог, Озарбайжоннинг нефть ва газ саноатида 70 йилдан ортиқ ишлаган. Унинг бевосита иштироки ва раҳбарлигида Озарбайжонда 20 дан ортиқ нефть ва газ-конденсат конлари, жумладан, Озарбайжон, Чирағ, Гунешли, Шоҳдениз, Капаз, Баҳор, Умид, Абшерон каби машҳур конлар ўзлаштирилди. У "СССР фахрий нефтчиси" унвони билан тақдирланган.
Юсифзода Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, Россия халқаро муҳандислик академиясининг аъзоси эди. У 200 дан ортиқ илмий ишлар, шу жумладан 18 монография ва саккиз ихтиро муаллифи эди. Унинг номи Озарбайжон Каспий денгиз кемаси танкери ва Бакудаги ўрта мактабга берилган.
Маълумот учун, Озарбайжон катта нефть захираларига эга. Мамлакат ҳудудидаги нефть конларидан фойдаланиш XIX аср ўрталарида бошланган. 2015 йил бошида маълум бўлган нефть конларининг умумий ҳажми 7 миллиард баррелни ташкил этди. Кунлик нефть қазиб олиш 1998 йилда ўртача 194 минг баррелни, 2004 йилда– 318 минг баррелни, 2015 йилда – тахминан 860 минг баррелни ташкил этди.
1994 йилда “Аср шартномаси” имзоланганда тасдиқланган захиралар 511 миллион тоннани ташкил этган. 1996 йилда нефть захиралари расмий манбаларга кўра 1,2 миллиард баррелга баҳоланган. 2006 йил охирида бу кўрсаткичлар 7 миллиард баррелгача кўтарилди ва 2016 йил охирида захиралар доимий равишда 7 миллиард баррелга баҳоланди. 2016 йил ҳолатига кўра, Озарбайжоннинг умумий нефть захиралари жами жаҳон заҳираларининг 0,4 фоизини ташкил этади.
2014 йилда Озарбайжон Давлат нефть компанияси маълумотларига кўра, Озарбайжон-Чирағ-Гунешли блокидаги нефть захиралари 2 миллиард тоннани ташкил этди, шундан 1,2 миллиард тоннаси олинади. 2018 йилда SOCAR уларни 1,5 миллиард тоннага баҳолади, бу эса прогноз қилинган захиралар тахминан 2 миллиард тоннани ташкил этишидан далолат беради.
LiveБарчаси