Озарбайжонда журналистлар озодликдан маҳрум қилинди
Олам
−
20 Июнь
4396Озарбайжонда “Abzas Media” иши доирасида 7 нафар журналистга суд ҳукми ўқилди. Улар 7 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда мамлакатнинг “Oxu.az” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Баку Оғир жиноятлар судьяси Расим Содиқов раиси бўлган сўнгги суд мажлисида “Abzas Media” нашри журналистлари – Улви Ҳасанли 9 йил, Фарид Меҳрелизода 9 йил, Ҳафиз Бабали 9 йил, Севинч Аббосова 9 йил, Наргиз Абсаламова 8 йил, Элнара Қосимова 8 йил, Муҳаммад Кекалов эса 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум этилган.
Прокурор эса аввалги мажлисларда давлат айбловини қўллаб-қувватлаш чоғида айбланувчилардан Улви Ҳасанли, Фарид Меҳрелизода ва Ҳафиз Бабалининг ҳар бирига 12 йил, Севинч Аббосова, Наргиз Абсаламова, Элнара Қосимова ва Муҳаммад Кекаловнинг эса ҳар бирига 11 йил озодликдан маҳрум қилишни судга таклиф қилган.
Маълумот учун, “Abzas Media” – Озарбайжонда давлат расмийлари ва амалдорларнинг бизнеслари, жумладан 2020 йилдан бошлаб Қорабоғда олиб борилган қайта қуриш ишлари билан боғлиқ деб тахмин қилинаётган коррупция ҳолатлари юзасидан олиб борган суриштирувлари билан танилган мустақил медиа платформасидир. Сайт Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг оиласи, Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов, Президентнинг хавфсизлик хизмати раҳбари Бейлар Аюбов, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Али Нагҳиев билан боғлиқ коррупция текширувлари ҳамда вазирлар ва амалдорлар билан алоқадор бўлган ўнлаб очилмаган жиноят ишлари юзасидан материаллар чоп этган. Нашр билан боғлиқ жиноят иши доирасида сайт директори Улви Ҳасанли 2023 йилнинг 20 ноябрь куни ҳибсга олинган. Тергов айнан ўша куни унинг уйи ва “Abzas Media” офисида тинтув ўтказган, ва офисдан 40 минг евро топилгани айтилган.
Кейинроқ, 20 ноябрь куни директор ўринбосари Муҳаммад Кекалов, 21 ноябрга ўтар кечаси хориждан қайтган пайтда сайт бош муҳаррири Севинч Аббосова аэропортда ҳибсга олинган. Ушбу иш доирасида журналистлар Наргиз Абсаламова, Элнара Қосимова ҳамда суриштирув журналисти Ҳафиз Бабали ҳам қўлга олинган.
Айбланувчиларнинг ҳар бири Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларига асосан айбланган:
- 192.3.2 – жуда катта миқдорда даромад олиш билан ноқонуний тадбиркорлик;
- 193-1.3.1, 193-1.3.2 – жиноят йўли билан қўлга киритилган катта миқдордаги маблағларни уюшган гуруҳ томонидан легаллаштириш;
- 206.4 – уюшган гуруҳ томонидан контрабанда;
- 320.1, 320.2 – ҳужжатларни сохталаштириш ва сохта ҳужжатлардан фойдаланиш;
- 213.2.1 – уюшган гуруҳ томонидан солиқ тўлашдан бўйин товлаш.
Қайд этиш жоизки, Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти мустақил нашр бўлган “Abzas Media” асосчиси Улви Ҳасанли, бош муҳаррири Севинч Аббосова ва директор ўринбосари Муҳаммад Кекаловнинг ҳибсга олиниши ва тазйиққа учраганига доир баёнот эълон қилган.
“Озарбайжон ҳукумати танқидчиларига нисбатан шубҳали, жазоловчи жиноят айбловларини илгари сурмоқда. Ҳасанли, Аббосова ва Кекаловнинг ҳибсга олиниши узоқ вақт давом этган намунавий ҳолатларнинг сўнгги мисолидир ва улар дарҳол озод этилиши керак”, дейилади баёнотда.
Халқаро Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), Норвегия Ҳелсинки қўмитаси (NHC) эса Озарбайжон ҳукуматини мустақил ОАВга нисбатан давом этаётган босимларни тўхтатишга ва “Abzas Media” директори Улви Ҳасанли ҳамда бош муҳаррири Севинч Аббосовани озод қилишга чақирган. Тазйиқлар қатъий қораланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Озарбайжонда “Meydan TV” иши доирасида ҳам 11 журналист ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинган журналистларнинг уйида тинтув ўтказилиб, телефонлари, компьютерлари ва бошқа шахсий буюмлари олиб кетилган. Ҳибсга олинган журналистлар ўзларини айбсиз деб билади ва Meydan TV ходимлари танқидий фаолияти учун жазоланаётганини таъкидлайди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна ошди.
15 Июль
Москва яна сув остида қолди.
15 Июль